Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 19:22 Чоп этиш версияси

Давлат бюджети ижроси муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилнинг тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Депутатларнинг фикрича, ҳисобот даврида муҳим масала – харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган, барча даражадаги бюджетлар мутаносиблиги таъминланган. Саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг жадал ривожлантирилиши ҳисобига 2017 йил якуни билан 15 туман субвенцион ҳудудлар сафидан чиқиши ҳамда қолган субвенцион туманларда субвенция улуши мамлакатимиз бўйича 11 фоизга камайишига эришиш кутилмоқда.

– Кейинги йилларда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адҳам Шодмонов. – Бугунги кунда юртимизда миллий валюта барқарорлигини мустаҳкамлашнинг янги механизмларини жорий этиш долзарб вазифадир. Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни, валюта сиёсатини либераллаштиришни, шунингдек, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилишини таъминламоқда.

Йиғилишда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги давлат бюджетининг айрим муҳим параметрлари ижросига алоҳида тўхталиб, солиқлар ва йиғимларни тўлиқ таъминлаш, ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, ишламаётган, иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини тиклаш эвазига солиққа тортиладиган базани кенгайтириш, шунинг ҳисобидан маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллий бюджетлар харажатларининг самарадорлигини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган ишларни конструктив таҳлил қилди.

Қайд этилганидек, 9 ойда 20 мингдан ортиқ янги лойиҳа амалга оширилган. 1 минг 863 корхона молиявий соғломлаштирилган, 566 давлат мулки хусусийлаштирилиб, ўз эгаларига топширилган, солиқ тўловчилар тўлиқ қамраб олиниши ва боқиманда қарздорликнинг ундирилиши ҳисобига 579,8 миллиард сўм бюджетга қўшимча даромад тушуми таъминланган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида қариялар, ногиронлар ва кичик ёшдаги болаларни соғломлаштиришга, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлинмалари ва реабилитация марказларига 125,7 миллиард сўм сарфланган.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари тингланди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 100






Все о погоде - Pogoda.uz