Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 14:40 Чоп этиш версияси

Дастури – адолат ва инсон манфаати

Амир Темурнинг давлатчилик сиёсати, ҳукмдорлик салоҳияти ҳақида замондошлари, кейинги олти аср давомида олимлару сиёсатчилар қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган. Бунда ўша давр тарихчилари асарлари билан бирга, Соҳибқироннинг “Темур тузуклари” энг қимматли манба ҳисобланади.

Бу ҳақда биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида алоҳида тўхталиб, “Темур тузуклари”ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман”, деб ёзган.

Дарҳақиқат, Соҳибқироннинг халқпарвар, адолат устуворлигига асосланган сиёсати бугун ҳам кенг ўрганилмоқда.

Амир Темур 1370 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори этиб сайлангач, Самарқандда катта қурултой чақириб, унга барча бекларни, амирларни, лашкарбошиларни, олиму фузалолар, дин пешволарини чорлади. Қурултойда таназзулга учраган давлатчилик анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди. Бундай қурултойлар кейинчалик ҳам мунтазам ўтказиб турилган ва бу йиғинларда халқнинг орзу-умидлари, муаммолари, дарду ҳасрати муҳокама этилган.

Амир Темурга хос хислатлардан бири шу эдики, у бирор масалани ҳал этишдан олдин шу соҳа билимдонлари, олимлар билан маслаҳатлашар, сўнг қарор қабул қиларди. Бу маслаҳатлар ҳар хил даража ва турли шаклларда бўлган. Амир Темур тиббиёт, математика, астрономия, тарих фанлари вакиллари, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек, дин соҳасидаги машҳур одамлар билан шахсий суҳбатлар ўтказган. Суҳбатларда ҳаётнинг муҳим масалалари тўғрисида Мовароуннаҳр ва Хоразмдан ташқари, Олтин Ўрда, Оқ Ўрда, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Туркия, шунингдек, бутун Ғарб – Мағрибни ўз ичига олган подшоҳликка оид ишлар ҳақида гап борган.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темур қаерга борса, ўша ернинг бош майдонида халқни тўплаб, улар билан бевосита мулоқот қилган, ҳол-аҳволини сўраган, ҳокимлар ва солиқчиларнинг фаолияти ҳақида суриштирган.

Бу жиҳатдан Шарофуддин Али Яздий “Зафарнома”сида Боилкан шаҳрида Амир Темур томонидан ҳижрий 806 йилда чақирилган олим-фузалолар кенгаши ҳақида келтирилган маълумот диққатга сазовордир. Кенгашда Амир Темур бундай деган: “Менинг мақсадим мамлакатда адолат ўрнатиш, тартиб ва тинчликни мустаҳкамлаш, фуқаронинг турмушини яхшилаш, юртимизда қурилишни кучайтириш, давлатимизни ривожлантиришдир. Сизлар бу ишларни амалга оширишда менга ўз маслаҳатларингиз билан кўмаклашишингиз керак. Мамлакатнинг аҳволи, девоннинг суиистеъмол қилинганлиги ва қилинаётганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан қисиб қўйилиши каби ҳоллар ҳаммадан кўра сизларга аёндир. Шулар ҳақида маълумот берсангизлар, бу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи ҳамда шариат ва қонунларга мувофиқ чора-тадбирларни айтсангизлар яхши бўларди. Бу олижаноб ишда менга ёрдам беришларингизни илтимос қиламан”.

Амир Темур ҳақида француз тарихчиси Лянглэ қуйидагиларни ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдиради. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда билимдон бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Негаки, Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътибор берар эди. Темур одамларни ўзига бўйсундириш қобилиятига эга эди. У ўзининг бу қобилиятини одамларни бахтли қила билиш таланти билан уйғунлаштирди. Темур унинг тарихчиларидан бири (Шарафуддин)нинг айтишича, бир вақтнинг ўзида душманларига офат, аскарларига қаттиққўл раҳбар, ўз халқига эса ота бўла олар эди. У ўз фуқаросининг аҳволи ҳақида яхши бошлиқлари берган маълумотларни ўзи шахсан кўздан кечирарди. Негаки, у одам таний ва танлай биладиган шоҳ эди”.

Амир Темур ёзишмаларига мувофиқ, вақти-вақти билан сўроқпурсиш, ревизия ва текшириш – тафтиш, тергов қилиш – таҳқиқ ўтказилиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий ичкилик, маиший бузуқлик кабилар оғир гуноҳ ҳисобланиб, қаттиқ жазоланган. Яздийнинг ёзишича, суиистеъмол қилиш Темур авлодларига тааллуқли бўлган вақтда ҳам улар тегишли жазоларини олганлар. Чунончи, унинг ўғли Мироншоҳ, невараси Амирзода Пирмуҳаммад халқ олдида қаттиқ жазога тортилганликлари тўғрисида манбаларда ёзилган. Темур давлатнинг обрўси, шарафи, манфаати соҳасида ғоят қаттиққўл эди: у бундай пайтларда ўзини ҳам, ўғил ва невараларини ҳам, қариндош-уруғларини ҳам, ҳарбий бошлиқларни ҳам аямас эди. У ўз давлат ишларида ғоят мустаҳкам, тебранмас, барқарор турарди.

“Менга бўйсунган янги давлатларда ҳурматга лойиқ одамларга ҳурмат кўрсатдим. Мен пайғамбар авлодларига, қонун тарғиботчиларига, олимлар ва кексаларга нисбатан буюк ҳурмат ҳамда эҳтиром билан муносабатда бўлдим; уларга нафақа (пенсия) белгиладим. Бу мамлакатларнинг бадавлат кишилари менинг оға-инимдек, етим-есир ва камбағаллари эса болаларимдек бўлиб қолди. Мағлуб бўлган мамлакат қўшинлари менинг қўшинларимга қўшиларди. Мен бу мамлакатларда халқ ҳурматини қозонишга ҳаракат қилдим. Яхшиларга, улар қайси миллатдан бўлишидан қатъи назар, мен ҳам яхшилик қилдим: ғаразли кишилар ва сотқинлар эса менинг давлатимдан қувилди. Қўрқоқ ва пасткаш одамларга ўзларига лойиқ ишлар топширдим ҳамда уларни маълум чизиқдан чиқишларига йўл бермадим. Менга тобе ҳамма мамлакатларда адолат эшиги очиқ эди. Шу билан бирга, ўғирлик ва талончиликнинг барча йўлларини бекитишнинг чораларини кўрдим”.

Амир Темурнинг солиқлар ҳақидаги қоидаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Соҳибқирон ёзади: “Солиқ йиғишда халқни оғир аҳволга солишдан ёки ўлкани қашшоқликка тушириб қўйишдан эҳтиёт бўлиш зарур. Негаки, халқни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашишига олиб келади, хазинанинг беқувватлиги ҳарбий кучларнинг тарқоқланишига, бу, ўз навбатида, ҳокимиятнинг кучсизланишига сабаб бўлади”.

Ғалла йиғиб олинмасдан бурун солиқ тўплаш қатъий ман этилган. Солиқ муайян уч муддатда тўланган. Агар фуқаро солиқни дилдан рози бўлиб гап-сўзсиз тўлайверса, унда солиқ йиғувчига ҳам ҳожат қолмасди; солиқчига зарурат бўлган тақдирда эса, у (солиқчи) давлат солиқларини йиғиш учун сўз ва таъсир кучи билан ҳаракат қилмоғи, лекин ҳеч вақт бу ишда таёқ, қамчи ёки занжир ишлатмаслиги зарур эди. Умуман, унинг қарздор шахсга нисбатан қаттиқ чоралар кўришга ҳаққи йўқ эди.

Бирор шахс ўзлаштирилмаган ерни ишлаб, уни суғориб, экин экса ёки ташландиқ ерни экин экиш учун яроқли қилса, биринчи йил солиқдан озод қилинган. Иккинчи йил ўз истаганича тўлаган, учинчи йил солиқлар ҳақидаги умумий қоидага бўйсунган. Агар бадавлат ер эгаси камбағални қисиб қўйса ёки унга зарар етказса, у ҳолда ўша бой барча қилмиши учун жавобгар бўлиб, жабр кўрган одамга ўз давлатидан берган.

У бир неча марта пойтахт аҳолисини ҳар хил солиқлардан озод қилган. Шаҳарда адолат бўлишини қаттиқ назорат қилган, нарх-навони асоссиз равишда оширган савдогарларни қаттиқ жазолаган. Бу борада испан элчиси Клавихо: “Самарқандда қонунга қаттиқ риоя қилинади, жаноб (Амир Темур)нинг рухсатисиз бир киши иккинчи кишини хафа қилиши ёки бировга нисбатан зўравонлик қилиши мумкин эмас”, деб ёзган.

Юқорида келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Амир Темур ўз фаолияти давомида оддий халқ билан ҳам, олиму уламолар билан ҳам мулоқот қилишни ёқтирган ва шу орқали халқнинг муаммоларидан, орзу-истакларидан бохабар бўлган. Шу йўл билан халқ турмушини енгиллаштириш учун кўплаб тадбирларни амалга оширган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли, том маънодаги туб ислоҳотлар, хусусан, жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани, бу борада олиб борилаётган ишлар – Президентнинг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналарининг фаолияти ва самаралари буюк Соҳибқирон тутумига нақадар мос эканини таърифлаб, изоҳлаб ўтиришга эҳтиёж йўқ, деб ўйлаймиз.

Амриддин Бердимуродов,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Археология институти директори.

ЎзА
5 171






Все о погоде - Pogoda.uz