ЎзА Ўзбек

07.06.2018 15:47 Чоп этиш версияси

Дарсликлардаги хатоликлар қачон тузатилади?

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси «2018-2019 – ўқув йили: янгиликлар, муҳим вазифалар ва муаммолар таҳлили» мавзуида ташкил этилди. Унда Халқ таълими вазирлиги, таълим марказлари, нашриёт вакиллари, мактаб директорлари, экспертлар, журналистлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мактаб ўқувчилари ижара тизими орқали дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаб келинмоқда. Бу тизим ота-оналарга енгиллик яратиш ва барча ўқувчиларни тўлиқ дарслик билан таъминлаш имконини бермоқда. Амалдаги тартибга асосан умумтаълим мактаблари биринчи синф ўқувчилари учун дарсликлар ҳар йили, иккинчи-учинчи синфлар учун – икки йилда бир марта, бешинчи-тўққизинчи синфлар учун – тўрт йилда бир марта янгиланади. 

Бугунги кунда 11-синф учун 7 та тилда 20 та фандан 32 номдаги дарсликларнинг оригинал макети яратилди, биринчи-иккинчи синфлар учун 76 номдаги ўқув-методик қўлланмалар қайта нашрга тайёрланди. Янги ўқув йили учун жами 28 миллион нусхада дарсликлар чоп этилади.

Афсуски, мактаб дарсликларида баъзи камчиликлар, рақам ва маълумотлардаги чалкашликлар, мантиқий ноизчилликлар кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Масалан, 5-синф дарслигида Имом ал-Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китоби тўғрисида фикр юритилиб, ушбу китобга 7397 ҳадис киритилгани айтилган. 7-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигида мазкур китобга киритилган ҳадислар сони 7275 деб кўрсатилган. Бир неча йилдирки бу тафовут тузатилмайди. Ўқувчи қайси бирини қабул қилсин? 6-синф физика дарслигининг 2017 йил чоп этилган вариантида «Шиша призмада ёруғликнинг тарқалиши, қисмларга ажралиши, Камалак» мавзусида ранглар кетма-кетлиги хато келтирилган. Маълумки, ранглар қизилдан бошланиб бинафша рангда тугаши лозим, бироқ дарсликдаги камалак суратида бунинг тескариси келтирилган. Айни шу дарсликнинг «Оптика» мавзусида шундай масала бор: «Одам юзини тўлиқ кўриш учун диаметри 5 см. бўлган қавариқ кўзгуни қанча узоқликда тутиш керак? Кўзгунинг фокус масофаси 7,5 см., юзининг узунлиги 20 см.». Қўшимча топшириқ сифатида берилган мазкур масалани 6-синф ўқувчиси тугул, кучли физиклар ҳам турли йўл билан ечиб, ҳар хил натижа чиқаришади. Бу каби камчиликлар, афсуски, мактаб дарсликларида анчайин кўп. Уларни вақтида аниқлаш ва такрорланишига йўл қўймаслик, олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? Нега дарслик муаллифлари ва мактаб ўқитувчилари билан учрашувлар ўтказилмайди?

Тадбирда журналистларнинг шу каби саволларига жавоб берилди.

Мутахассислар фикрича, 2016 йилга қадар дарсликлар оқ-қора кўринишда чоп этилган. Хусусан, физика фани дарсликлари ҳам. Камалак эса 7 рангда. Китоб имкониятидан келиб чиқиб, камалак рангларини сўзлар орқали ифодалашга мажбур бўлинган. Бу эса мавзуни болага тушунтиришда баъзи ноқулайликларни келтириб чиқарар эди. 2017 йилда дарсликлар рангли чиқди ва имкониятлар кенгайди.

– Дарсликлардаги рақамлар, маълумотлардаги хатоликлар, чалкашликлар учраб туришидан кўз юмиб бўлмайди. Мактаб дарсликлари муаллифлар гуруҳи, нашр этилиш даврийлиги, манбалар турлича, – деди халқ таълими вазирлиги масъул ходими Абдураҳим Носиров. – Бугунги кунда Республика таълим марказида ишчи гуруҳ –амалиётчи ўқитувчилар томонидан ҳар бир дарслик экспертизадан ўтказилади. Еттинчи ва бешинчи синф дарслигида сиз қайд этган камчиликлар эса, албатта, тузатилади.

Инобат Аҳатова, ЎзА
8 858