Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.01.2018 14:55 Чоп этиш версияси

Дўстим билан фахрланаман

Дўстим билан фахрланаман
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган дўстингиз билан охирги марта қачон кўришгансиз? У билан гаплашмаганингизга қанча бўлди? Ҳозир у билан кўришиб қолсангиз, нима деган бўлардингиз?

Бундай саволлардан юрак хаприқиши табиий. Чунки, инсон узоқ вақт кўришмаган ўз яқинлари билан бирга қадрдон дўстларини ҳам соғинади, уларнинг суҳбатини қўмсайди. Айниқса, ҳарбий хизматни ўтаётган йигитларга бу жуда билинади. 



Жорий йилда Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар юртимизнинг турли ҳудудларида муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган аскарларга оила аъзолари қаторида дўстлари билан ҳам видеомулоқот орқали кўришишларига имконият яратди. 



Самарқанд шаҳрида “Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқотда Самарқанд ва Хоразм вилоятларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ва уларнинг оила аъзолари, дўстлари бир-бирлари билан дийдорлашди.

Видеомулоқот иштирокчиларини Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари масъул ходимлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ҳарбийлар Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги билан табриклади. Уларга энг самимий тилаклар билдирилди. 



Шундан сўнг Хоразмда ҳарбий хизмат ўтаётган самарқандлик аскарларнинг ва, ўз навбатида, қадимий шаҳарда хизмат қилаётган хоразмлик йигитларнинг оила аъзолари, дўстлари Ватан ҳимоячиларини байрам билан қутлади.

– Синфдош ўртоғим Элёр Абдуғаффоров билан кўришмаганимизга қарийб бир йил бўлди, – дейди Самарқанд давлат университети талабаси Н.Раҳматуллаев. – Болаликдан бирга ўсганимиз учунми, бу жуда узоқ муддатдек туюлмоқда. Ўтган вақт давомида телефон орқали гаплашиб турдик. Лекин кўз-кўзга тушиб гаплашиш бошқача-да. Бугун ана шундай имконият яратилганидан хурсандман. Дўстимни аввало Ватан ҳимоячилари куни билан табрикладим. Ўқишим ҳақида гапириб бердим, у эса хизмати ҳақида айтди. Ҳарбий хизмат унга ёқибди. Бўй-басти яна ҳам келишиб, қадди анча ростланибди. Шундай дўстим борлигидан фахрландим.

– Дўстим Ўлмасбекка ҳавас қилиб, 2017 йилда барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, Самарқандда муддатли ҳарбий хизматни ўташ бахтига эришдим – дейди Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидан ҳарбий хизматга келган У.Аллаёров. – Бир йиллик хизмат мен учун катта ҳаёт мактаби бўлди. Ватаннинг муқаддаслиги, йигитлик бурчи ҳақидаги тасаввурларим бойиди. Бугун ота-онам ва Ўлмасбек билан суҳбатлашиб, бир-биримизни байрам билан табрикладик.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
6 053