Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 20:45 Чоп этиш версияси

Дўконда ҳушёр бўлайлик

Дўконда ҳушёр бўлайлик
Одатда кўпчилик дўконга кирганда, харид қилаётган маҳсулотининг қадоқланиши, ёрлиғи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига эътиборбермайди. Ё ҳафсала қилмайди, ёки сотувчига ишониб қўя қолади.
Танганинг икки томони бўлганидек, аксига олиб, сотувчи ишлаб чиқарувчидан олаётганда бунга эътибор бермаган бўлиши мумкин. Унга ишонган бўлиши ҳам ҳақиқатга яқин.
Натижада сифатсиз маҳсулот харид қилинади. Агар бу озиқ-овқат бўлса-чи? Унда одамлар саломатлиги хавф остида қолади.
Озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотининг сифатли бўлиши кўп жиҳатдан маҳсулотнинг қай тарзда сақланишига, бозор растасидан то харидор хонадонига кириб, истеъмол қилингунга қадар ўтган вақтга, ўз навбатида маҳсулотнинг таркиби, сифатига боғлиқ. Шу боис истеъмол маҳсулотлари яхши сақланмаса, таркиби ўзгариб, тез айниб қолиши мумкин. Айрим маҳсулотлар борки, ҳатто музлаткичда ҳам сақлаб бўлмайди.
– Онам пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган вақтда, ўша шифохона яқинидаги савдо дўконидан егуликлар олишимга тўғри келди, – дейди сирдарёлик Гулчеҳра Худойназарова. – Шифохонага келиб, нон маҳсулотлари сирасига кирувчи ширинликнинг сифати бузилгани, ейишга яроқсиз эканини кўргач, куннинг иккинчи ярмида қайтариб олиб бордим. Аммо сотувчи буни тан олмади. “Балки биздан олмагандирсиз”, деган жавобни берди. Ўша пайтда пулни ҳам олмасдан жаҳл қилиб чиқиб кетгандим. Энди билсам, хато қилган эканман. Керакли ташкилотларга мурожаат қилсам, бошқалар саломатлигини бироз бўлса-да ҳимоя қилган бўлармидим, деб ўйлаб қоламан.
Сотувчи харидорга савдо маҳсулотининг чекини бериши, бермаган тақдирда, харидор ундан талаб қилиши лозим. Шунда ўз ҳуқуқларини ҳимоялаган бўлади.
– Тошкент марказий универмаги атрофидаги дўконларнинг биридан сут маҳсулоти олгандим, – дейди Азиза Ашурова. – Кейин унинг истеъмолга яроқсиз эканини билиб, сотувчига қайтариб бердим. У пулимни қайтарди. Шу тариқа дўконга икки марта чиқиб келишга тўғри келди, вақт кетди. Эътиборлироқ бўлганимда ёки сотувчи ҳам ўз маҳсулотининг яроқлилик муддатига бир қараб қўйганида, оворагарчиликка ўрин йўқ эди.
– Баъзи маҳсулотларнинг ёрлиғида сақлаш муддати "30 кун", "6 ой", "1 йил" каби ёзувларни кўрамиз, – дейди Рамазон ота Пўлатов. – Аммо ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмайди. Қачон чиққанини билмаганингдан кейин муддатини билишнинг нима кераги бор. Бу асосан озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли. Ишлаб чиқараётганда нимани ўйлашади, билмадим. Шунинг учун ҳамиша ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати кўрсатилган егуликларнигина сотиб олишга ҳаракат қиламан.

Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА
12 218