ЎзА Ўзбек

11.09.2018 20:17 Чоп этиш версияси

Чорак аср сарҳисоби

Чорак аср сарҳисоби Ички ишлар вазирлиги маданият саройида Ёнғин хавфсизлиги институтининг 25 йиллигига бағишлаб тантанали тадбир ташкил этилди.

Сенаторлар, депутатлар, вазирлик масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммолар ва ёнғинга қарши муҳофазани кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самара бераётгани таъкидланди.

12 (2).jpg

Ўтган даврда мазкур таълим даргоҳида 7 минг 500 нафардан ортиқ малакали мутахассислар тайёрланиб, улар айни пайтда фуқароларнинг ҳаёти, мол-мулкини ёнғиндан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатмоқда. Институт профессор-ўқитувчилари таркибида 2 академик, 5 фан доктори ва 20 га яқин фан номзодлари фаолият кўрсатмоқда. “2017-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги муаммолар ва долзарб масалалар ечимига қаратилган илмий изланишларни ривожлантириш стратегияси” асосида соҳа олимлари 14 йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Тадбирда институтда самарали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ходимларга Ички ишлар вазирлиги томонидан “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

27-faqat saytga.jpg

– Байрам муносабати билан соҳада олиб борган изланишларим юқори баҳоланиб, юксак мукофот билан тақдирланганимдан хурсандман, – дейди институтнинг ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар маркази бошлиғи, техника фанлари доктори Шуҳрат Қурбонбоев. – Таълим жараёнига замонавий ёндашиш, илмий-тадқиқот ишлар самарадорлигини ошириш асосий вазифамиз. Бизга билдирилган юксак ишонч бу борадаги фаолиятимизни янада жонлантиради, албатта.

Тадбирда Ички ишлар вазирлигининг ашула ва рақс ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
4 456