ЎзА Ўзбек

06.03.2018 12:19 Чоп этиш версияси

Чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса ҳам ўсмирларнинг жиноятга қўл уриш ҳоллари камаймаяпти. Нега?

Юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига асосий ва муҳим масала сифатида қаралмоқда. Жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, билиб-билмай хато қилаётган ўғил-қизларни тўғри йўлга солиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга эътибор янада кучайган.

Кўплаб чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса ҳам ўсмирлар, ёшларнинг жиноятга қўл уриш ҳоллари камаймаяпти. Нега?

Ҳар бир ота-она фарзанди оқил, тарбияли, эл-юрт корига ярайдиган инсон бўлишини истайди. Аммо хоҳишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун қатъий тарбия зарур. Мутахассисларнинг фикрича, боланинг ёшига қараб тўғри муносабатда бўлиш унинг келажакда ўз йўлини топиши, мазмунли ҳаёт кечиришида муҳим аҳамиятга эга бўлар экан.

Ўғил-қизларнинг ўсмирлик давридаги тарбия жараёни кучли эътибор талаб этади. Атроф-муҳит, табиатан таъсирчан бўлиш, оиладаги носоғлом муҳит каби сабаблар вояга етмаган ёшларга турлича таъсир кўрсатади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди томонидан ўтган 2017 йилда ўн олтита вояга етмаган ўғил-қизга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 5 нафарига жарима, 5 нафарига озодликдан чеклаш, биттасига мажбурий жамоат ишлари тайинланган, 5 нафарига жазони шартли равишда ўташ белгиланган.

Ана шундай жиноятлардан бири 2017 йилнинг 18 ноябридан 19 ноябрга ўтар кечаси соат 00:30 да Санжар Аҳмедовга таниши Нигинанинг қўнғироғидан сўнг содир бўлди. У Санжарга амакисининг ўғли тегажоқлик қилаётганини айтган. Шундан сўнг Санжар икки ўртоғи билан бирга қизнинг уйига боради. Эшикни очган йигитни уриб, воқеа жойидан қочиб кетади.

Туман суди жорий йил 24 январда “Яккасарой” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари билан бирга очиқ суд мажлиси ўтказди.

Ўсмирлар бирлашиб жиноят қилиш, бировнинг уйига бостириб кириш, тан жароҳати етказиш каби жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-модда 2-қисми “б” банди, 127-модда 3 қисми бўйича айбловлар эълон қилинди.

Уларнинг олдин судланмаганлиги, тартибни бузмагани, хулқидан шикоят қилинмаганлиги инобатга олиниб, жазо тайинланди.

Бу ҳолатнинг келиб чиқишида керакли ҳуқуқий тартибот органларига мурожаат қилмасдан йигитга қўнғироқ қилган қиз айбдорми? Ёки зўравонлик содир этган йигитларми? Саволлар кўп, аммо унинг жавоби яна таълим-тарбия, оилага бориб тақалади.

Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишида ҳамма бирдек жавобгар. Маҳалла – мактаб – таълим муассасаси билан ички ишлар органлари ҳамкорлигини янада кучайтириш, бошқа муассасалар томонидан тарғибот-тушунтириш тадбирларини кенг миқёсда ўтказишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Туманда ўқувчиларнинг ўз вақтида дарсда бўлиши, бўш вақти назоратга олиниб, уни мазмунли ўтказишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноят чуқур таҳлил қилиниб, унинг сабаблари ўрганилиб, вазиятни тубдан тўғрилаш чоралари кўрилаётир. Баркамол авлодни тарбиялашда таълим-тарбиянинг аҳамияти, жиноятчилик, гиёҳвандлик, диний экстремизм иллатларининг аянчли оқибатлари, ёт ғояларнинг таъсири каби мавзуларда тизимли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига алоҳида масъулият билан ёндашиши борасида учрашувлар ўтказилмоқда. Чунки ўсмирлик даврида енгил-елпи ҳаётга ўрганган болада безорилик ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар кўп учрайди. Моддий таъминотга муҳтож ўғил-қизлар бошқалар билан кўп жанжаллашади, ўғрилик, безорилик каби жиноятларга қўл уради. Оиладан маънавий озуқа ололмаётганлари эса атрофдагиларга ўз «ботир»лигини кўрсатишга уринади. Бу ўзбошимчалик, эркалик, ўжарликнинг вақтида олди олинмаса, улғайганида уларнинг хатти-ҳаракатлари салбий асоратларга олиб келиши мумкин.

Ҳасан Ҳайитов, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар 
Яккасарой тумани суди раиси. 

ЎзА
9 806