ЎзА Ўзбек

04.07.2018 16:39 Чоп этиш версияси

Чиял – обод ҳудудга айланмоқда

Чиял – обод ҳудудга айланмоқда
Йўллар тор, автомашиналар тирбанд. Пана-пастқам, лой сувоқ уйлар. Бетартиб қурилган савдо дўконлари. Томига янтоқ уюми устидан гувала босилган ғарибгина емакхоналарда пишаётган яхналар...

Бу Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Чиял қишлоғининг "Обод қишлоқ" дастурига киритилмасдан бурунги манзараси. 

Бугун бари бошқача – тунда ҳам ойдин бўладиган кенг ва равон кўчалар, замонавий уй-жойлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари. Одамларнинг турмуш тарзи ҳам, ҳаётга муносабати ҳам тубдан ўзгармоқда.

"Аннарўз", "Сувлиқ", "Чувуллоқ", "Тўқмор", "Қумдарё", "Ғаллакор", "Зўм", "Чиял" ва "Уймовут" маҳалла фуқаролар йиғинларидан таркиб топган Чиял ҳудудида "Обод қишлоқ" дастури асосида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан тобора чирой очаётган ҳудуд қиёфаси одамлар турмушида акс этмоқда. 

10.jpg

Хусусан, ташкил этилаётган бепул тиббий кўриклар қишлоқ аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда юксак самаралар бермоқда.

– Чиял ҳудудидаги 9 маҳалла фуқаролар йиғинида 62 мингдан зиёд аҳоли яшайди, – дейди Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Анвар Умаров. – Аҳоли шу вақтга қадар оддий хасталик учун ҳам туман марказига қатнашга мажбур эди. Дастур асосида ҳудудда ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган ва қаровсиз ҳолга келиб қолган касалхона ўрнида 30 ўринли замонавий шифохона қурилмоқда. Мазкур шифо масканида ҳар бири 10 ўринга мўлжалланган болалар, туғуруқхона, терапия бўлимлари ташкил этилади ва тўлиқ жиҳозланади. Ҳудуддаги иккита қишлоқ врачлик пункти ва битта оилавий поликлиника капитал таъмирдан чиқарилиб, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Дастурга асосан, ҳозиргача 58 минг 105 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1 минг 123 нафарига туман, 355 нафарига вилоят шифохонасига даволаниш учун йўлланма берилди. 793 нафар имконияти чекланган фуқаро уй шароитида тиббий кўрикдан ўтказилди. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида таълим муассасалари ва оилаларда соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Чувуллоқ деҳқон бозори ва Оқтош жомеъ масжиди радиоузелларидан аҳоли соғлом овқатланиши мавзусида жонли эшиттиришлар узатиб борилмоқда. 

2.jpg

Ҳудуддаги тор автомобиль йўллари кенгайтирилиб, ички йўлларга қум-шағал ётқизилмоқда. Умуман, Чиялда 96,4 километр тупроқ қопламали ички хўжалик автомобиль йўллари мавжуд. Дастур бўйича 35 километр ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун 2 миллиард 349 миллион сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. 44,75 километр автомобиль йўлларида тупроқ ишлари бажарилиб, 36,24 километрлик тупроқ йўлларга шағал қопламаси ётқизилди.

– Йўл қуриш – савоб, дейдилар. Шу боис, бу ишга ҳиссамиз қўшилсин, деб меҳнат қиляпмиз-да, – дейди “Китоб йўл қурилиш- таъмирлаш” унитар корхонаси иш юритувчиси Озодбек Эргашев. –Мақсад битта – одамларга қулайлик яратиш. "Обод қишлоқ" дастурига кўра, бизнинг чекимизга 600 метр йўлни таъмирлаш тушган. Ҳозирда ҳудуднинг марказий қисмидан ўтган 7 метрлик тор йўл 16 метрга кенгайтирилди ва қум-шағал ётқизилди. Йўл четларига бетон латоклар ўрнатилди. 400 метрлик пиёдалар йўлаклари қурилиб, бетон плиткалар ётқизилди. Яна 400 метр қурамиз. Энди фақат асфальт қоришмаси ётқизиш ва тунги ёритгич ўрнатиш ишлари қолди. Насиб этса, Мустақиллик байрамигача объектни тўлиқ фойдаланишга топширишни мўлжаллаяпмиз. Бунинг учун 20 нафар ишчи ва 10 дан зиёд техника кечаю-кундуз ишламоқда.

Маълумотларга кўра, ҳудудда жами 45,27 километр йўлнинг асоси тайёр. 38,09 километр йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизилган. 4Р 84а йўлининг 55-километрида йўл асосига ГПС тўшаш ҳамда темир-бетон латокларини монтаж қилиш, пиёдалар йўлакчаси барпо этиш ишлари бажарилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудудда сайёр қабул штаби ташкил этилиб, ҳозирга қадар 245 нафар фуқаро қабул қилинган. 170 мурожаат қаноатлантирилган, қолган мурожаатлар ечими бўйича зарур маслаҳатлар берилган.

– Маҳалламизда "Обод қишлоқ" дастури асосида олиб борилаётган ишлар кўлами ва аҳа
миятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди, –дейди "Чиял" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Бойназаров. – Жумладан, мана шу эзгу ишлар туфайли аҳолимизнинг газ баллонига бўлган эҳтиёжи тўла қондирилди. Эскирган 89 та ёғоч электр устунлари тўлиқ бетонлисига алмаштирилди. Ҳозир устунлардан хонадонларга кабель тортилмоқда. 
Маҳалламиздаги 4 километр ички йўлга қум-шағал ётқизилди. Лойиҳа бўйича яна 8 келометрга ётқизилади. Сув таъминотида бизда муаммо йўқ. Ер остидан чучук сув чиқади. Ундан ҳам ичимлик, ҳам томорқа суғоришда фойдаланаяпмиз. Шу боис маҳалладаги 1 минг 169 хонадоннинг деярли ҳаммасининг томорқасига озиқ-овқат экинлари экилган. Кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинмоқда. Йўл бўйида жойлашган уйларнинг деярли барчасининг фасад қисми аҳоли ташаббуси билан бўялди. Яна бир гапни таъкидлашим керак, маҳалламизда 150 ўринли болалар боғчаси қурилиши бошлаб юборилди. Маҳалламиз болалари шу пайтга қадар боғча кўрмай катта бўлишди. Энди улар ҳам шаҳар болаларидан кам бўлмаган шароитларда таълим-тарбия олади. Тадбиркорларимиз ҳам ободонлаштириш ишларида фаол қатнашмоқда. Улар томонидан қурилаётган тикувчилик, мебель цехлари, ҳаммом ва турли маиший хизмат кўрсатиш объектлари юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Дастур доирасида “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан ҳудудда 1 минг 118 та темир-бетон устунлар ва 68,9 километр ҳаво тармоғи тортилди. 8 янги трансформатор ўрнатилди, 70 таси мукаммал таъмирланди. Газ таъминоти бўйича хатлов натижасида аниқланган газ баллонига эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Бандлик масаласи ҳам доимий эътиборда. Аҳолининг томорқадан фойдаланиш самарадорлиги бўйича 968 та оиладаги ҳолат ўрганилиб, 206 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

“Чироқчи тикувчилик фабрикаси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли цехда 30 га яқин чевар буюртма асосида махсус кийим-кечаклар тикмоқда. Келажакда ушбу фабрикада 100 дан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

– Қишлоғимизда мана шундай тикувчилик цехи ишга туширилганидан жуда хурсандмиз, – дейди Моҳира Ражабова. – Боиси, шу кунга қадар уйда ишсиз ўтирган эдим. Энди мана, ишли бўлдим. Буюртмага қараб турли кийим ва бошқа турдаги тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаяпмиз.

Дастур ижроси доирасида Чиял бозорини қайта реконструкция қилишга "Қишлоқ қурилиш" банк томонидан 500 миллион сўм кредит маблағи ажратилган ва ҳозир у ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Бозоримизнинг катта қисми хароба аҳволда эди, – дейди “Чиял ғурури” озиқ-овқат бозори раҳбари Алламурод Қўзиев. – Дастур асосида ажратилган маблағ эвазига гўшт ва сут маҳсулотлари сотиладиган павильонлар замонавий услубда қурилмоқда. Шунингдек, қандолат маҳсулотлари сотиладиган ёпиқ расталар барпо этилмоқда. Бундан ташқари, умумий овқатланиш жойлари тубдан янгиланади ва гегиеник талабларга тўла жавоб берадиган ҳолатга келтирилади.

Мухтасар айтганда, Чиял яқин йилларда ҳар қандай шаҳар билан бўйлаша оладиган кўркам ва обод манзилга айланади.

Ў.Баротов, ЎзА

Жамшид Норқобилов олган суратлар
10 938