ЎзА Ўзбек

03.07.2018 14:49 Чоп этиш версияси

Чилим ва электрон сигареталар чекишга қандай тартибда тақиқ қўйилди?

Чилим ва электрон сигареталар чекишга қандай тартибда тақиқ қўйилди?
Президент 2018 йил 2 июлда “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди.

Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган ушбу Қонун фуқароларнинг соғлиғини чилим ва электрон сигареталар чекишнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шароитларини яратишга қаратилган.

Чилим нима?

28dc4b4d9da1bc411d722a7072d162f0.jpg

Чилим тамаки чекиш ёки таркибида тамаки бўлмаган чекиладиган қоришмани (тутатқи қиёмни, тутатқи тошни) истеъмол қилиш учун фойдаланиладиган асбоб бўлиб, унда аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш (чилим сувдони) орқали ўтади. 

Чекиладиган қоришма никотинсиз қоришмадан, чекиладиган мевали аралашмадан, шунингдек, уларнинг озиқ-овқат толалари асосида тамаки баргларини ҳамда бошқа таркибий қисмларни қўшмасдан ва қўлламасдан яратилган, таркибига келиб чиқиши табиий ёки сунъий бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари кирадиган ўхшаш турларидан иборат. 

Тутатқи қиём глицерин, турли ўсимликларнинг экстрактлари, эриткичлар ва хушбўй моддалар асосидаги тамакисиз маҳсулот ҳисобланади.

Тутатқи тош эса келиб чиқиши минерал асосга эга бўлган, хушбўй қиём шимдирилган, никотинсиз ғоваксимон маҳсулот.

Электрон сигарета нима?

Elektronnaia_sigareta_Depositphotos_d_850.jpg

Электрон сигарета – никотинни ёки никотинсиз маҳсулотни етказиш воситаси сифатида фойдаланиладиган, нафас олиб ютиш учун мўлжалланган аэрозоль (буғ) ҳосил қиладиган электрон мослама.

Одамнинг нафас олиш тизимига никотинни ёки никотинсиз маҳсулотни етказиб берувчи электрон тизимларнинг истеъмол хусусиятлари ва истеъмол қилиш усуллари электрон сигаретага ўхшаш бўлган бошқа турлари ҳам электрон сигаретага тенглаштирилади.

Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар 
чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар нималардан иборат?

Ушбу норма Қонуннинг 5-моддасида ўз аксини топган. Хусусан, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўймаслик;

чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ҳамда тарғиб қилишга йўл қўймаслик;

жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахсларни ҳамда уларнинг мажбуриятларини белгилаш;

жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш;

жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш. 

Шунингдек, қонун ҳужжатларида жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Чилим ва электрон сигареталар қаерларда 
чекишга йўл қўйилмайди?

Yd9fO40kXVcuYS3Rekj5OBIoTPN37Fn5.jpg

Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўймаслик билан боғлиқ тақиқ Қонуннинг 6-моддасида белгиланган. 

Унга кўра, чилим ва электрон сигареталарни:

стационар савдо объектларида, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида, бундан чилим ва электрон сигареталар чекиш учун махсус ажратилган хоналар мустасно;

кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;

клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойларда;

музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва маърузахоналарда;

маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан, тамбурларида), дарё кемаларида, шаҳарда, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобусларда, таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида, ҳаво кемаларида;

ер ости ўтиш жойларида, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларида;

аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг биноларида;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг биноларида;

соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотларида, таълим муассасаларида, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида;

иш жойлари бўлган хоналарда;

кўп квартирали уйларнинг йўлакларида, уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончаларида;

хиёбонларда, боғларда, кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида чекишга йўл қўйилмайди.

Жамоат жойларида жойлашган хоналарни чилим ва электрон сигареталарни чекиш учун бериш, худди шунингдек, жамоат жойларида чилимни ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тақиқланади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган махсус ажратилган хоналарнинг жиҳозларига, чилим ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тартибига, чилимларни санитария жиҳатдан тозалашга ва чекиладиган қоришмаларни (тутатқи қиёмни, тутатқи тошни) сақлашга доир талаблар, тамакига ва чекиладиган қоришмаларга (тутатқи қиёмга, тутатқи тошга) доир гигиеник талаблар қонун ҳужжатларида белгиланади.

Чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ҳамда 
тарғиб қилиш тақиқланади

Қонуннинг 7-моддасига кўра,чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама қилиш, яъни чилим ва электрон сигареталар чекиш усуллари ва йўллари, шунингдек, уларни олиш жойлари тўғрисидаги маълумотларни тарқатишга қаратилган фаолиятга йўл қўйилмайди.

Чилим ва электрон сигареталар чекишни тарғиб қилиш, яъни чилим ва электрон сигареталарни чекишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ва бадиий образларни очиқ ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган ҳаракатлар тақиқланади.

Қонун талабларини амалга оширишга кимлар масъул?

“Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар ва уларнинг мажбуриятлари”, деб номланган Қонуннинг 8-моддасида бу жиҳат мустаҳкамлаб қўйилган.

Унга кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мансабдор шахслари (маъмурияти), шу жумладан, ўз тасарруфида (мулкида, эгалигида, фойдаланишида) ҳудудлар, бинолар (хоналар), иншоотлар ва жамоат жойларида жойлашган бошқа объектлар, шунингдек, ушбу Қонун 6-моддаси биринчи қисмининг олтинчи хатбошисида кўрсатилган транспорт воситалари бўлган шахслар жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслардир.

Масъул шахсларнинг вазифалари нималардан иборат?

жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажариши;

чилим ва электрон сигареталар чекаётган шахсларни жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириши, ҳуқуқбузарлик давом эттирилган тақдирда эса ички ишлар органларига хабар бериши;

ҳаммага кўринарли жойга, шу жумладан биноларга (хоналарга) кириш жойларига, транспорт воситаларига ва бошқа объектларга жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи лавҳаларни жойлаштириши шарт. 

Профилактика чора- тадбирларини кимлар 
амалга оширадилар?

Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, таълим муассасалари ҳамда бошқа муассасалар чилим ва электрон сигареталар чекишнинг салбий таъсири профилактикаси, жамоатчилик онгида чилим ва электрон сигареталар чекишга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш бўйича комплекс ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа чораларни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади. 

Назорат ички ишлар органларида

Қонуннинг 10-моддасида жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши белгиланган.

Қонун ҳужжатларини бузганлик учун 
жавобгарлик бор!

Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик Қонуннинг 12-моддасида белгиланган. Унга кўра, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Қачон кучга киради?

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши 15-моддада белгиланган.

11 502