Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.02.2018 11:27 Чоп этиш версияси

Чиқиндилар билан ишлаш такомиллашади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда юзага келаётган экологик вазият таҳлили чиқиндилар нафақат аҳоли саломатлигига хавф солаётганини, балки атроф-муҳитнинг жиддий ифлосланишига олиб келаётганини кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мамлакатимиз туман ва шаҳарларининг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, Тошкент шаҳар «Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ушбу ҳужжатлар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Истиқболдаги режалар ҳақида маълумотлар берилди.

Янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекцияси томонидан маиший, қурилиш чиқиндилари ҳамда шох-шабба ва хазоннинг ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлиги сингари салбий ҳолатлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан 2002 йилда қабул қилинган “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Тадбирда табиатни асраб-авайлаш барча учун муқаддас бурчга, бундай фазилат эса ҳар бир инсон тарбияси, маданиятининг бўлагига айланиши лозимлиги таъкидланди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
6 849