Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Чиқиндидан иккиламчи маҳсулот

Чиқиндидан иккиламчи маҳсулот Мамлакатимизда аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

8.jpg

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида 2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган технологияларни жорий этиш прогноз кўрсаткичлари, барча вилоятлар марказларида чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари қуриш кўзда тутилган.

Ривожланган мамлакатларда чиқиндини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг самарали усуллари йўлга қўйилган. Бу амалиёт Ўзбекистонга ҳам жадал кириб келмоқда, мазкур соҳага доир тадбиркорлик фаолияти давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ташаббускорлар хориждан замонавий технологиялар келтириб, ўзига хос кластерларни ишга тушираётир.

Қарши шаҳридаги “Қашқадарё эко транс” масъулияти чекланган жамияти бу йўналишда қиймати 5,2 миллион долларга тенг истиқболли лойиҳани амалга ошириш ташаббусини илгари сурди. У рағбатлантирилиб, тижорат банки тадбиркорга мазкур тармоқ ривожи учун молиявий кўмак берди.

4.jpg

– Фаолият бошлаганимизга ҳали кўп бўлмади. Ҳозирча фақат Қарши шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатмоқдамиз, – дейди корхона раҳбари Улуғбек Зиёдуллаев. – Шундай бўлса-да, бугунги кунда корхонамиз хизматидан фойдаланувчилар сони 250 мингдан ортди. Тегишли ҳисоб-китоблар асосида хизмат ҳақи аҳоли жон бошига 2,5 минг сўм, хўжалик юритувчи субъектлар учун 36 минг сўм қилиб белгиланган. 62 нафар назоратчи ҳудудларга чиқиб, бевосита мижозлар билан иш олиб бормоқда. Келгусида хизмат кўрсатиш қамровини янада кенгайтириб, бошқа туманларда ҳам иш юритишни режалаштирмоқдамиз. Корхонамиз тасарруфида 44 та замонавий техника ва транспорт мавжуд. Уларнинг асосий қисми юк ташувчи машиналар.

Юкхонасига 7 кубдан 18 кубгача ҳажмдаги чиқиндини олиш имкониятига эга ушбу машиналарга GPS-навигаторлари ўрнатилган. Бу эса транспорт воситалари ҳаракатини онлайн кузатиш имконини беради. Хизматга чиқишдан олдин транспорт воситалари техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида йиғиб олинган чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шу мақсадда чиқинди полигонининг ёнидан ажратилган 30 гектар майдонда завод қуриш ишлари бошлаб юборилган. Заводни барпо этиш учун зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд. Ўтган йили мажмуанинг саралаш цехи қуриб битказилиб, хориждан келтирилган энергиятежамкор линия билан жиҳозланди. Хорижлик мутахассислар кўмагида синов ишлари муваффақиятли амалга оширилди.

Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, ишлаб чиқариш цехлари қурилиши жорий йилда битказилади. Мазкур цехда 5 турдаги маҳсулот – шох-шабба ва хазонга қўшилган кўмирдан брикет, қурилиш чиқиндисидан шлакоблок, қоғоз чиқиндиларидан картон, резина маҳсулот ва шиналардан пиролиз, яъни суюқ ёқилғи, пластик идишлардан синтефон – синтетик тола ишлаб чиқарилади.

7.jpg

Ҳозирча чиқиндилар белгиланган жойда йиғилиб, захира яратилмоқда. Бунинг учун Қарши туманида аҳоли яшаш манзилидан узоқ ҳудудда полигон барпо этилган. Шу билан бирга, бу ерда қайта ишлаб бўлмайдиган чиқиндиларни утилизация қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Мухтасар айтганда, “Қашқадарё эко транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар тадбиркорлик субъекти сифатида иқтисодиётимизга фойда келтириши, қолаверса, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиши, энг муҳими, аҳоли саломатлигини сақлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
11 497