ЎзА Ўзбек

06.09.2018 20:24 Чоп этиш версияси

Чиқиндидан иккиламчи хомашё тайёрланмоқда

Чиқиндидан иккиламчи хомашё тайёрланмоқда Наманган шаҳрида пластмасса чиқиндиларни қайта ишлашдан иккиламчи хомашё тайёрлашга ихтисослашган “Mega eko plast” корхонаси фаолият бошлади.

Тадбиркор Шерзод Абдуллаевнинг ушбу бизнес лойиҳаси маҳаллий ҳокимлик томонидан эътиборга олиниб, Наманган шаҳрида ташкил этилаётган “Орзу” кичик саноат зонасидан ярим гектар ер майдони ажратиб берилди.

Тадбиркор бу ерда қисқа муддатда умумий қиймати 2 миллиард 250 миллион сўмлик қурилиш-монтаж, технологик жиҳозлаш ишларини амалга оширди. Хитойдан 180 минг доллар эвазига пластмасса чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари келтириб, ишга туширди.

3 (2).jpg

– Ҳозирча корхонамизда кунига 1 тонна полимер таркибли, яъни пластмасса маҳсулотлар чиқиндиларини қайта ишлаш қуввати яратилди, – дейди корхона раҳбари Ш.Абдуллаев. – Аҳолидан ва саноат корхоналаридан қабул қилинадиган бундай чиқиндилар дастлаб ранги ва кимёвий таркибига кўра гуруҳларга ажратилади. Сўнг эритиб, хомашё тайёрланади ҳамда уй-рўзғор буюмлари ва бошқа жиҳозлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга етказиб берилади.

Корхонада 20 киши иш билан таъминланди. Лойиҳанинг навбатдаги босқичида энергия тежовчи лампалар ишлаб чиқариш цехи ишга туширилади. Бу иш ўринларини икки-уч баробар кўпайтириш имконини беради.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
7 968