ЎзА Ўзбек

06.09.2018 17:34 Чоп этиш версияси

Чемпионга уч хонали уй совға қилинди

Чемпионга уч хонали уй совға қилинди
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида Бухоро вилоятидан 6 спортчи иштирок этиб, уларнинг тўрт нафари юртимизга совриндор бўлиб қайтди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ёзги Осиё ўйинлари қатнашчиларини қутлаш маросими ташкил этилди. Унда вилоят давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар ва уларнинг яқинлари, ёшлар иштирок этиб, нуфузли мусобақада юқори натижаларга эришган спортчиларни ғалаба билан қутлашди.

Миллий кураш мусобақаларида 66 килограмм вазнда гиламга тушган Маъруф Ғайбуллаев финалгача бўлган барча баҳсларда рақибларидан кучли эканини исботлади. Ҳал қилувчи беллашувда у терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Руслан Бердиевдан устун келиб, олтин медаль билан тақдирланди.

Бухоро олимпия захиралари мактаб-интернати тарбияланувчиси, миллий курашчи Нурбек Тўраев, мазкур муассасанинг яна бир вакили самбочи Аҳмаджон Раҳматуллаев, эркин курашчи Сирож Ҳасанов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан ўрин эгаллади. Енгил атлетикачи Нигина Шарипова ва дзюдочи Шаҳрам Аҳадовга эса бронза медали учун баҳсларда бир оз омад етишмади.

3.JPG

– Ғалабам шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда менда рўй берган ҳаяжон ва кўнглимда кечган туйғуларни таърифлай олмайман. Бу ҳисни фақат шундай нуфузли мусобақада шоҳсупага кўтарилган кишигина туяди, менимча, – дейди М.Ғайбуллаев. – Бизнинг бу ютуқларимиз замирида мамлакатимизда ёшлар учун яратилган кенг шароит ва имкониятлар ётади. Қолаверса, ота-онамиз, устозларимизнинг таълим-тарбияси, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этди. Шунинг учун бу ғалабамни жонажон Ўзбекистонимизнинг Мустақиллик байрамига бағишлайман.
Маросимда совриндор спортчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Осиё ўйинлари олтин медаль совриндори М.Ғайбуллаевга вилоят ҳокимлиги томонидан Қоракўл тумани “Дўрмон” қишлоқ массивида замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган икки сотих ер майдонига эга уч хонали уй совға қилинди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
7 941