Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.05.2018 15:52 Чоп этиш версияси

Челябинск делегацияси Наманганда

Челябинск делегацияси Наманганда Россия Федерациясининг Челябинск области губернатори Борис Дубровский бошчилигидаги бизнес, таълим, тиббиёт, санъат, спорт ва бошқа кўплаб соҳалар вакилларидан иборат делегация Наманган шаҳрида бўлди.

Мамлакатимизда ўтаётган “Ўзбекистонда Челябинск области кунлари” доирасидаги ушбу ташрифдан кўзланган мақсад икки вилоят ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдир. Ушбу ҳамкорлик пойдевори Наманган вилояти делегациясининг 2017 йил март ойида Челябинскка илк ташрифида қўйилган эди. 

8.jpg

Икки вилоятнинг 50 дан зиёд тадбиркор ва ишбилармонлари иштирокидаги бизнес-форумда Наманганда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, мева-сабзавот ва бошқа саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги вакиллари билан учрашувлар ўтказилган, ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланган эди. Жумладан, Челябинскка ташриф натижасида наманганлик ишбилармонлар томонидан саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича умумий қиймати 67 миллион долларлик экспорт шартномаси тузишга эришилган эди. 

9 (1).jpg

– Ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Наманганга ташриф буюрган делегацияга ҳеч бир бизнесмен ёки ташкилот раҳбари мажбуран киритилгани йўқ, – деди Б.Дубровский Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров билан учрашувда. – Делегациямиз таркибида Челябинскнинг “Этерно”, “Урал”, Златоуст машинасозлик заводи, “Крановые технологии”, “Коелгамрамор” каби 40 га яқин нуфузли компаниялари вакиллари бор.

Наманган Ёшлар марказида ташкил этилган бизнес-форумда икки вилоят ишбилармонларининг савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлиги кўламини янада кенгайтириш юзасидан келишув ва битимлар тузиш борасидаги ташкилий ишларга қадам қўйилди. Хусусан, “Наманганда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги саноат маҳсулотлари кўргазмаси россиялик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди. 

11.jpg

Челябинск области маданият министрлиги ва Россия фоторассомлар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Первозданная Россия. Южный Урал” фотосуратлар кўргазмаси туризм ва маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди. Унда намойиш этилган 30 дан зиёд таниқли фоторассомнинг Челябинск табиатининг ноёб кўринишлари акс этган ижодий ишлари кўпчиликка манзур бўлди.

Ташриф доирасида меҳмонлар учун вилоятнинг сайёҳлик ва инвестиция салоҳиятини намоён этувчи объектлар, Наманган рус миллий маданий маркази, спорт иншоотлари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Икки вилоят спортчилари ўртасида ўтказилган бокс бўйича ўртоқлик учрашуви спорт йўналишидаги ҳамкорлик истиқболларини очди.

Ташриф якуни бўйича инвестиция, экспорт, туризм, фан ва таълим соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзоланади.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
6 791