ЎзА Ўзбек

05.11.2019 Чоп этиш версияси

Чақмоқ чақнаб қалбга тутмаса оташ!

Чақмоқ чақнаб қалбга тутмаса оташ!
Куз нашидаси

Кузак

Ишсизликдай зерикарли кун,
Ҳатто кўкда димиқар офтоб.
Гуллар юпун, дарахтлар юпун,
Саволга тут, бермайди жавоб.
Шамол рангпар рўмолин елпиб
Олатароқ булутни ҳайдар.
Мунги ила ҳавони чилпиб,
Ошён излаб турналар қайтар.
Тоғлар чўккан, иш ташлашга шай,
Йўталади бўзариб боғлар.
Бошқоронғи бўлган аёлдай
Кўк юзида йилтиллар доғлар.

Тоғай шоирнинг Маҳкам чолга дегани

Кўз ўнгингда енгил чўкаверса тоғ,
Чақмоқ чақнаб қалбга тутмаса оташ.
Ўз уйинг ўзингга очмаса қучоқ,
Бу қандай яшаш?
Бургут панжасида ожиз илондай,
Тўлғонсанг минг кўйда – оғирдир чидаш.
Бир барг тебранмаса эссанг бўрондай,
Бу қандай яшаш?
Юзинг қизармаса ўз ёлғонингдан,
Кулгили туюлса рўйирост сўзлаш.
Итлар ҳуриб турса тўрт томонингдан,
Бу қандай яшаш?
Ердан олиб ерга урса ўз жуфтинг,
У аёл хаёли бўлолса дардкаш.
Кўзда ёш, хўрсинсанг армон ичра сўнг,
Бу қандай яшаш?
Қудуғинг сувига тўласанг товон,
Бағрингда ел ўйнаб қўзғаверса ғаш.
Ўз молингни сотса ўзингга арзон,
Бу қандай яшаш?
Иймондан сўз очсанг, йўлинг йўқотсанг,
Ўлсанг, топилмаса элда тобуткаш.
Бўлармон мардингни арқонга тортсанг,
Бу қандай яшаш?
Элни дўст билмайди айғоқчи зоти,
Мохов бозорининг даллоли яккаш.
Тоғай қарғаб ўтар зулмнинг отин,
Бу қандай яшаш?

***
Соясидан қўрқар бу одам,
Чўчиб тушар тушида ҳатто.
Ҳа, ётга ёт ҳамиша ётдир,
Дўстлик сулҳин тузмаклик – хато.
Кўмай деса, андиша қилар,
Юзидан ўтолмас ўзини.
Кўрмаслик-чун турқин, ўлгунча
Юмиб юриш шартдир кўзини.
Бекинмачоқ ўйнаган билан
Аён бўлар ёлғоннинг чини.
Тушунди у ўлим олдидан
Соясидан нусхалигини.

***
Тошдай қаттиқ тегаверади,
Йиллар ўтган сайин болишим.
Умримни жим чегираверади
Қаттол дунё, шартми нолишим.
Кўкда учиб юрган минглаб тош,
Бош тегмаган болишлармикан.
Оғриқ берар тўзғиган бардош,
Юрагимга санчилмай тикан.
Токайгача болиш ўрнида,
Бош ургайман ўзи йўқ тошга.
Болишингга бош қўяй десам,
Сенинг эса болишинг бошқа.

Ўроз ҲАЙДАР

4 849
ЎзА