Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 16:52 Чоп этиш версияси

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик – таълим-тарбиянинг муҳим қисми

Чилонзор педагогика коллежида “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши таълим муассасаси ва энг яхши ўқитувчи” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ўқитувчи ҳамда ўқувчилари иштирок этди.

Мудофаа вазири ўринбосари М.Солиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида таълим муассасаларида ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг ажралмас қисми бўлган чақирувга қадар бошланғич тайёргарликнинг самарали тизими яратилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуни чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш сифатини яхшилаш, таълим муассасаларида ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлигини ташкил этишни такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида ҳар йили «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши таълим муассасаси ва энг яхши ўқитувчи» республика танлови ўтказиб келинаётир.

Танловнинг асосий мақсади чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этишни такомиллаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборат.

Бу йилги танлов натижаларига кўра “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши таълим муассасаси” номинациясида Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл банк касб-ҳунар коллежи биринчи ўринни эгаллади.

– Замонавий ахборот-технологиялар билан тўлиқ таъминланган таълим муассасамизда ўқувчи-ёшлар пухта билим олиши учун барча шароит яратилган, – дейди коллеж директори Рустам Отабоев. – Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ёшларни ҳар томонлама етук, ўз бурчини яхши англайдиган шахслар этиб шакллантиришда ўзига хос ўрин тутади. Танловда ғолиб, деб топилганимиз ва жамоамизга билдирилган улкан ишонч бизни янада кўпроқ меҳнат қилишга, ишимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.

Самарқанд вилояти Ургут агро-тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Шерзод Тайлонов «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши ўқитувчи» номинациясида биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.

Танловда совринли ўринларни эгаллаган таълим муассасалари ва ўқитувчиларга ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқлар, эсдалик нишони ва совғалар топширилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 039






Все о погоде - Pogoda.uz