ЎзА Ўзбек

11.09.2018 21:35 Чоп этиш версияси

Чақирилувчилар сараланмоқда

Чақирилувчилар сараланмоқда
Мамлакатимиз Қуролли Кучларига фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирувини сифатли ташкил этишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жойлардаги мудофаа ишлари бўлимларида дастлабки саралаш тадбирлари ўтказилаётир.

Самарқандда ҳам вилоят ҳокимининг 2018 йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари махсус қўшинлари сафига чақирилувчиларни олдиндан саралаб ва танлаб олиш, тест синовларини юқори савияда ўтказиш ҳамда тиббий чақирув комиссиясининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида мазкур жараён йўлга қўйилди.

– Вилоят ҳокимининг ушбу қарори 2019 йилги чақирув мавсумини юқори савияда ўтказиш, Қуролли Кучларимиз махсус қўшинларига чақирилувчиларни сифатли саралаш, тест синовларини уюшқоқлик билан ташкил этиш орқали йигитларнинг билим даражасини аниқлашга қаратилган, – дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи, подполковник Санжар Тўраев. – Қарор асосида фуқароларни муддатли ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга чақириш бўйича вилоят доимий тиббий чақирув комиссияси таркиби тасдиқланди. Ўз навбатида, туман, шаҳар тиббий чақирув комиссиялари тузилиб, чақирув участкалари зарур тиббий жиҳоз ва воситалар билан таъминланди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва кенг жамоатчилик ёрдамида чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тарғибот ишлари олиб борилиб, муддатли ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ тартиблари тушунтирилмоқда. Мудофаа ишлари бўлимлари ходимлари маҳаллаларга чиқиб, чақирилувчиларнинг оилавий ҳолати, ижтимоий аҳволини ўрганмоқда. Ота-оналар билан суҳбатлашмоқда. Туман ва шаҳар тиббий чақирув комиссиялари эса чақирилувчиларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиб, ўз тавсия ва хулосаларини бераётир.

8 (1).JPG

Чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида вилоят доимий тиббий чақирув комиссияси аъзолари 29 августдан эътиборан жойларга чиқиб, чақирилувчиларни туман, шаҳар мудофаа ишлари бўлимларида кўрикдан ўтказиш ва саралаш ишларини олиб бормоқда. Ушбу жараёнда Қуролли Кучларимиз махсус қўшинларидан вакиллар ҳам келиб, чақирилувчилар билан суҳбатлашмоқда.

Ҳозиргача комиссия 10 дан ортиқ туман ва шаҳарда чақирилувчиларни кўрикдан ўтказди. Вилоят комиссияси шу тарзда 20 ноябрга қадар жойларда фаолият олиб боради. Бу орада октябрь ойида чақирилувчилар Давлат тест маркази вилоят бўлими томонидан ташкил этиладиган тест синовларидан ўтади.

– Дастлабки саралаш танлови миллий армиямиз сафларига жисмонан соғлом, маънан етук ва интеллектуал салоҳиятли ёшларни танлаб олишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди вилоят доимий тиббий чақирув комиссияси катта шифокори Худойберди Омонов. – Чақирув мавсумигача ҳали 4-5 ой фурсат борлиги чақирилувчиларнинг соғлиғида бирор камчилик ёки ўзгариш бўлса, бу вақт оралиғида уни тузатиш имконини беради. Чақирилувчиларнинг ўзи ҳам ҳарбий хизматнинг шарафи ва масъулиятини ҳис қилиб, ўзини бунга руҳан тайёрлаб боради. Аввалги йиллар тажрибаси шуни кўрсатадики, дастлабки саралаш танловларида ҳар жиҳатдан баркамол деб топилган чақирилувчилар мавсумдаги якуний кўрик, суҳбат ва синовлардан ҳам муваффақиятли ўтиб, Қуролли Кучларимиз сафига хизматга олинмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
3 404