Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 21:01 Чоп этиш версияси

Чўмилиш ҳавзаларида ҳолат қандай?

Чўмилиш ҳавзаларида ҳолат қандай?
Ёзнинг жазирама кунларида барча чўмилиш, ҳордиқ чиқариш мақсадида бассейн ёки сув ҳавзалари томон ошиқади. Бироқ, айримлар кўп ҳолларда бир жиҳат, яъни чўмилиш хавфсизлиги, маданияти, тартиб-қоидаларига риоя қилишни унутиб қўйишмоқда. Сўнгги пайтларда белгиланмаган ёки тақиқланган жойда чўмилиш оқибатида ҳаёт учун ғоят хавфли ҳодисалар рўй бермоқдаки, улар ҳар биримизни огоҳликка даъват этиши, шубҳасиз.

Мамлакатимизда бўш вақтни мазмунли ўтказиш ва ҳордиқ чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга доимий равишда алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани самарасида сув ҳавзалари ва аквапарклар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, сувда сузиш, тез-тез сув ҳавзаларида чўмилиб туриш инсон организмини чиниқтириб, саломатликни мустаҳкамлайди.

Фарғона вилоятида ҳам ёзги мавсумида чўмилиш қоидаларига риоя этиш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманлардаги 44 сув ҳавзасида назорат ишлари йўлга қўйилган.

– Вилоятда мунтазам сув намуналари олиниб, таҳлил қилиб бориладиган 16 та очиқ ва ёпиқ бассейн мавжуд, – дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази шифокори И.Йўлдошев. – Сув ҳавзаларидан олинган намуналар мунтазам бактериологик ва кимёвий текширувдан ўтказилади. Бугунгача 35 таҳлил ўтказилди ва сув таркибида касаллик қўзғатувчи бирорта ҳам микроорганизм қайд этилмади. Бироқ, шундай бўлса-да, чўмилиш ҳавзаларида санитария қоидаларига амал қилиш зарур. Бу борада мутахассисларимиз маҳалла фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида тарғибот ишлари олиб бормоқда.

Чўмилишга мўлжалланмаган очиқ сув ҳавзалари ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин. Дарё ва каналларда сувнинг совуқлиги, оқимнинг тезлиги, баъзан учраб турадиган маиший чиқиндилар, ота-оналар масъулиятсизлиги, шунингдек, чўмилишга келганларнинг ўзига ҳаддан зиёд ишониши каби омиллар чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётир. Айрим ҳолларда аҳоли, айниқса, ёш болаларнинг канал, ариқ ва ҳатто фавворада чўмилаётганини кўрамиз. Вилоятда чўмилиш мавсуми олдидан аҳоли орасида маҳалла фаоллари иштирокида очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш мумкин эмаслиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилган. Ҳавзаларда “Чўмилиш тақиқланади!” белгилари қўйилган. Мавсум олдидан маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида дам олиш масканлари раҳбар-ходимлари учун “Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси – саломатлик гарови” шиори остида семинарлар ташкил қилинган. Чўмилиш мавсумида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида тайёрланган ўқув-услубий қўлланмалар тарқатилиб, мавзуга доир фотолавҳа ва видеофильмлар намойиш этилган.

– Чўмилиш қоидаларини билмаслик, сувда туриш кўникмасининг ёмонлиги, айниқса, ёшлар орасида фожиали оқибатларга олиб келади, – дейди Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Ф.Отажонов. – Болаларнинг сув ҳавзасида чўмилиши катталар назорати остида, хавфсизлик қоидаларига тўла амал қилган ҳолатда бўлиши лозим. Қутқарув чамбаракларидан фойдаланиш, унча чуқур бўлмаган жойлардагина чўмилишга рухсат бериш керак. Шундагина турли бахтсиз ҳодисалар рўй бермайди.

Аммо, шу билан бирга, баъзи ҳудудларда нохуш манзараларни ҳам кузатиш мумкин. Фарғона туманининг Аввал қишлоғидаги “Еттибулоқ” дам олиш маскани бугун дам олувчилар билан гавжум. Афсуски, бу ердан оқиб ўтувчи сойга шиша ва турли пластик идишлар, маиший чиқиндилар ташлаш ҳолатлари учрамоқда. Бу чўмилувчилар хавфсизлиги ва соғлиғига салбий таъсир этмоқда. Бу жараёнда дам олиш маданиятини унутиб қўймаслик шарт.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 945