Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 19:53 Чоп этиш версияси

Буюк шоир ижоди ва ёшлар маънавияти

Фарғона давлат университетида “Глобаллашув шароитида Алишер Навоий ижодини ўрганишнинг аҳамияти” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, адабиётшунос олим, академик Б.Назаров ва бошқалар Алишер Навоийнинг ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, асарларидаги теран ижтимоий фалсафа моҳияти, буюк мутафаккир ижодининг инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ва самимият туйғуларини мустаҳкамлашдаги аҳамияти хусусида сўз юритди.

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Улуғ адибнинг бой маънавий мероси шу қадар кенг ва салмоқлики, унда ҳаёт ҳодисотлари, инсон турмуши, ички кечинмалари билан боғлиқ барча мавзулар моҳирона қаламга олинган. Шоир ўқувчи эътиборини энг муҳим тушунчаларга қаратади. Уларнинг ҳар бирига алоҳида урғу беради: саховат, адаб, қаноат, вафо, ишқ, ростлик каби инсоний фазилатлар теран шарҳланади. Алишер Навоий инсонни улуғлаб, унинг кўнгли муқаддас эканини таъкидлайди. Айни пайтда инсон бу ҳаётда яхши ном қолдириши, умрини эзгу ишлар билан безаши муҳимлигини уқтиради.

– Бугунги глобаллашув даврида Алишер Навоий меросига қайта-қайта мурожаат этиш, унинг асарларида ўз ифодасини топган инсонни камолотга етакловчи эзгу ғояларни ёшлар онгига сингдириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, – дейди Фарғона давлат университети ўзбек филологияси факультети декани З.Раҳимов. – Улкан сўз санъаткорининг ибратли ҳаёти ва серқирра ижоди барча замонлар ва маконлар учун бирдай ҳикмат ва маърифат манбаидир.

Буюк мутафаккирнинг бой ижодий мероси, асарлари мазмун-моҳиятига бағишланган маърузалар тингланди. Талабалар томонидан тайёрланган адабий-бадиий кеча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 330






Все о погоде - Pogoda.uz