ЎзА Ўзбек

11.07.2019 20:33 Чоп этиш версияси

Буюк куч-қудратингга таъзимдамиз, истиқлол!

Буюк куч-қудратингга таъзимдамиз, истиқлол!

Аждодларимиз бир умр орзу қилиб яшаган истиқлолни яратганнинг биз учун буюк инояти, деб биламиз. Эркин ва обод ҳаётимизни, нурли келажагимизни белгилаб берган, ўзлигимизни англатган мустақиллик куни билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Бу гаплар дунёнинг қайсидир бурчагида кимлар учундир эҳтимол баландпарвоз сўз бўлиб туюлиши мумкин. Лекин биз учун асло ундай эмас. Чунки, 28 йил давомида эришган улкан ютуқларимиз, онгу шууримиздаги ўзгаришлар бизнинг бу масаладаги фикримизни қатъий мустаҳкамлаб, истиқлол ғояларига ишонч туйғумизни янада юксалтирмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда юз бераётган бетимсол янгиланишлар ёшу кексага бирдек фахр ва қувонч улашмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан яқиндан танишиб, мен ана шундай фикрга келдим. Зеро, бугун ҳаётимизда содир бўлаётган туб ўзгариш ва янгиланишларнинг барчаси истиқлолнинг бизга ато этган буюк неъматидир. Биласизми, мазкур қарор билан танишар эканман, оддий бахши-шоир сифатида бундан йигирма беш, ўттиз йил муқаддам халқ оғзаки ижодига бўлган муносабатни кўз олдимдан ўтказдим. Устозларимизнинг дўмбирани яширинча чертиб, ҳадик аралаш терма ва достонлар айтган йилларини эсладим. Ўтмишда буюк аждодларимиз яратган “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Малла савдогар” каби достонларимизга, миллий халқ ҳунармадчилиги дурдоналарига эскилик сарқити, дея баҳо берилган суронли йилларни бирма-бир ёдга олдим. Томири минг йилларга бориб тақаладиган илоҳий санъатимиз ўтган асрда бошидан ўтказган бундай оғир йилларни мустақиллик ёшлари билмаслиги мумкин. Бироқ, биз кекса авлод вакиллари қалбида бу ҳолатлар бир жароҳат бўлиб қолган. Ана шу жароҳатимиз истиқлол шарофати билан тузалаётганига ҳар тонг шукрона айтамиз.

2.jpg

Ўрни келганда айтиш керакки, бундан йигирма саккиз йил илгари юртимизда эсган мустақиллик шабадалари ҳозиргидек гўзал ва фаровон турмушни орзу қилиб бу дунёдан ўтган бахши-шоир, оқин ва жировларимизнинг эндиликда руҳини шод этаётгани ҳам ўз эркимизга ўзимиз эгалик қилганимизнинг ёрқин ифодасидир. Бунга ўтган асрда топталган, эскилик сарқити сифатида писанда қилинган халқ оғзаки ижодимиз нодир намуналарини қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар яққол далилдир. Хусусан, шундай эзгу мақсад йўлида йигирма йил муқаддам Термиз шаҳрида “Алпомиш” достони яратилганининг минг йиллиги кенг нишонланди. Ўтмишдан сайқал топиб, ноёб миллий маънавий бойлигимизни эл орасида кенг тарғиб қилаётган, фахр билан куйлаб келаётган бахши-шоирлар хизматини муносиб рағбатлантириш учун “Ўзбекистон Халқ бахшиси” унвони таъсис этилди. Бахшилар фестивали ва кўрик-танловларини ўтказиш ажойиб анъанага айланди. Аммо бу соҳага кейинги йилларда кўрсатилаётган эътибор бутун сайёрамизни лол қолдирмоқда, десак муболаға бўлмайди. Гапнинг рости бундай ўзгаришларни достонларни буюк маданий мерос сифатида эъзозлайдиган халқимиз ҳам, уни эл орасида кенг тарғиб этадиган ноёб истеъдод соҳиблари ҳам бахшичиликнинг бугунгидек қадр топишини, нафис сўз санъатимиз дунё ҳамжамиятининг нодир мулкига айланишини, дунё бахшиларини ҳар икки йилда бир марта мамлакатимизда бирлаштиришни, юртимизда барча шароитларга эга замонавий бахшилар мактаби барпо этилишини хаёлларига келтирмаган эди.

Давлатимиз раҳбарининнг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Алпомиш ва Барчинойлар юрти – Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик фестивали фақат бизнинг мамлакатимизда эмас, балки дунё миқёсида оламшумул аҳамиятга эга тарихий воқеа бўлди. Дунё бахшилари ва фольклоршунос олимларини жанубдаги воҳага жамлагани, улар билан бир саҳнада достон куйлаш бахтига мушарраф бўлганимиз фахр-ифтихор ҳиссимизни янада оширди.

3.jpg

Сурхондарё вилоятида мазкур фестивалга тайёргарлик кўриш асносида кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани, Шеробод достончилик мактаби асосчиси Шерна бахши қабрини ободонлаштиришга киришилгани, қатор достонлар нашр этилгани ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда бахшичилик санъатига қаратилаётган беқиёс эътибор самарасидир. Термиз шаҳрида бахшилар мактаби ва қатор туманлардаги мусиқа ҳамда санъат мактабларида бахшилар синфлари фаолияти йўлга қўйилгани аждодлардан мерос қолган бу санъат келажагини янада мустаҳкамлагани билан аҳамиятли бўлди. Халқимиз қадимдан эъзозлаб, авайлаб-асраб келган достонларни бизга туҳфа қилган қалби пок улуғ аждодларимиз руҳини шод этди. Мисол учун, бундан уч йил илгари от ҳақида ёзган “Жийрон қашқа тулпорим” достонимни нашр эттирган эдим. Буни қарангки, фестиваль арафасида устозим Чорша бахшидан ўрганган “Алпомиш” ва ўзим ёд олган “Олтин қовоқ” достоним нашр қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди бахши Болтаевнинг “Малла савдогар”, Шодмон бахши Хўжамбердиевнинг “Сурхоним дўмбираси” китоблари ҳамда Умр Шоир ва Авлиёқул Мардонақул ўғлининг “Алпомиш” достонлари, қатор илмий-оммабоп рисолалар чоп этилди. Буларнинг барчаси Ватанимизда бахшичиликни давлат даражасида қўллаб-қувватлаб, ривожлантиришга, келгуси авлодларга бешикаст етказишга қаратилаётган юксак ғамхўрлик намунасидир. Айтинг, бундан 25-30 йил аввал биз халқ оғзаки ижодимиз ва унинг фидойи куйчиларини ана шундай юксак даражада эъзозлашимиз, улуғлашимиз учун соғлом муҳит, имконият бормиди? Йўқ, албатта! Бунга ўша замон мафкураси йўл қўймас эди. Мамлакатимизда олиб борилаётган бу сингари мардонавор хайрли ишлар келажакда мардлик ва жасоратни, фидойилик ва соф муҳаббатни, юртимизда юз бераётган туб ўзгаришлару, янгиликларни баралла тараннум этадиган янги достонлар яратишга ишонч туйғумизни юксалтирмоқда, барчани бирдек хушнуд этмоқда. Биз, бахшиларга эса илҳом бағишлаб, мамлакатимиздаги ўзгаришлар ҳақида терма ва достонлар куйлашга ундаётир:

Юртимиз бўйлаб мустақил кезиб юрдим элма-эл.

Дала, тоғу боғларда хониш қилади булбул.

Мустақиллик элимнинг қаддини тик қилибди.

Шаҳару қишлоқлар ҳам бирдек обод бўлибди.

Бундай гўзал гўшада арилар йиғади бол,

Буюк куч-қудратингга таъзимдамиз, истиқлол!

Шу ўринда яна бир гапни айтишим керакки, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида қабул қилинган ушбу қарордан илҳомланиб, фақат бахшичилик санъати йўналишида юз берган ўзгаришларга қисқача тўхталдим, холос. Бошқа соҳа ва тармоқлардаги янгиланиш ва ўзгаришларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида достон учун мавзу бўлади. Бу ҳақда ҳам мазкур соҳаларнинг мутахассислари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришига ишонаман.

Абдуназар ПОЁНОВ,
Ўзбекистон халқ бахшиси.

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар, ЎзА
5 359