Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 19:10 Чоп этиш версияси

Буюк инсонлар хотираси унутилмайди

Сурхондарё вилояти Денов тумани Озод маҳалласида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Шароф Рашидовнинг ўта мураккаб йилларда Ўзбекистонга раҳбарлик қилгани, республикани ривожлантириш йўлида салмоқли ишларни амалга оширгани, бир ёқлама мафкура ҳукмрон бўлган мустабид тузум даврида сермаҳсул ижоди билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди. Йирик давлат арбоби ва серқирра ижодкор ўзининг жасоратга йўғрилган ҳаёт йўли, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ишлари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган.

– Шароф Рашидов ўта мураккаб ва машаққатли даврда юртимиз келажаги, халқимиз фаровонлиги, адабиётимиз ва маданиятимиз ривожи йўлида улкан ишларни амалга оширди, – дейди академик Бахтиёр Назаров. – Бундай жасоратни, фидойилик ва халқпарварлик каби юксак фазилатларни ёшларимиз онгу шуурига чуқур сингдириш уларда Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат, улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуларини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик шарофати билан атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов номи берилган ушбу хўжалик иқтисодий-ижтимоий юксалмоқда. Замонавий турар жойлар, сервис ва хизмат кўрсатиш бинолари, ижтимоий объектлар, кенг ва равон йўллар бунёд этилмоқда. Тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати одамларнинг турмуш даражасини тубдан ўзгартираётир. Аҳоли томорқасида барпо этилган замонавий иссиқхоналар одамларнинг қўшимча даромад манбаига айланмоқда.

Хўжалик марказида улуғ аждодимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром ифодаси сифатида ёдгорлик ўрнатилган. Теварак-атрофи ободонлаштирилиб, анвойи гуллар экилган бу маскан ҳамиша гавжум.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан жуда қувондик, – дейди меҳнат фахрийси Ўрол Сафаров. – Тўғри, ўтган асрда биз учун ардоқли инсонга айланган ул зот номига вафотидан сўнг айрим инсонлар “тош” ҳам отди, ноўрин гап-сўзлар ҳам айтиб кўрди. Лекин, халқимиз унинг фидокорона меҳнатларини унутмади. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан номи оқланиб, адолат қарор топди. Ўшанда хўжалигимизга Шароф Рашидов номи берилганидан ғурурланиб, оқсоқоллар билан маслаҳатлашган ҳолда шу ерга ёдгорлик ўрнатган эдик. Бугун бу ер сўлим боғ ва гулзорга айланган.

Тадбирда ўқувчи-ёшлар Шароф Рашидов асарларидан намуналар ўқиди, саҳна кўринишлари намойиш этди. Ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 675






Все о погоде - Pogoda.uz