Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 16:33 Чоп этиш версияси

Буюк алломаларга эҳтиром ифодаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини Сурхондарё вилояти аҳолиси катта мамнуният билан кутиб олди.

Мамлакатимиз дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. Аждодларимиз бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида самарали фойдаланиш, зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш ишларини янги босқичда давом эттиришга хизмат қилади.

– Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланган эди, – дейди Термиз давлат университети ректори, профессор Мамат Ҳайдаров. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мустақиллигимиз меъмори Ислом Каримов раҳнамолигида буюк алломаларимизнинг бой меросини ўрганиш ва ул зотлар мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш борасида амалга оширилган эзгу ишларнинг узвий давомидир. Янги марказ фаолияти Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга, конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Айни пайтда таълим муассасасида термизлик алломалар илмий-маънавий меросини ўрганиш бўйича манбашунослик кафедраси ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг март ойида “Буюк аллома илмий-маънавий мероси” мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу тадбирда мустақиллик йилларида Имом Термизийнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш, асарларини тадқиқ этиш юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинади. Буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотлар билан кенг жамоатчилик, айниқса, ёш авлодни яқиндан таништириш муҳим тарбиявий аҳамиятга эга.

Янги ташкил этилаётган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини чуқур ўрганиш учун барча шароит яратилади. Марказ биноси ва унинг кутубхонаси қурилиб, зарур моддий-техник база ва инфратузилма шакллантирилади. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишга алоҳида аҳамият берилади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишиб, мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берганидан беҳад мамнун бўлдик, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили Эргашали Рустамов. – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги қароридан бошимиз кўкка етди. Зеро, буюк аждодимиз Имом Термизий ислом маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Улуғ муҳаддис асарларида ўз ифодасини топган ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, эзгулик каби ғоялар асрлар давомида инсонларни осуда, обод турмуш ва гўзал ахлоққа даъват этиб келаётгани бунинг ёрқин исботидир. Алломанинг истиқлол йиллари нашр этилган машҳур “Аш-Шамоил ан-Набавийя”, “Сунан ат-Термизий” асарларидан юртдошларимиз маънавий баҳра олмоқда. Марказнинг ташкил этилиши юртимизда яшаб ўтган Имом Термизий ва бошқа буюк зотлар ҳаётини, илмий-маънавий меросини янада чуқурроқ ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш имкониятларини янада кенгайтиради. Мамлакатимизда, хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар, буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун кенг йўл очади.

Буларнинг барчаси термизлик алломаларнинг ҳаёти, авлодларга қолдирган бой илмий-маънавий меросини янада чуқур ўрганиб, уларни оммабоп, оддий ва таъсирчан услубда халқимиз, айниқса, навқирон авлод онгу-шуурига етказишда муҳим омил бўлади. Ёшларда миллий ғурур ва қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини, буюк аждодларимиздан фахрланиш туйғусини янада юксалтиради.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 201






Все о погоде - Pogoda.uz