ЎзА Ўзбек

05.03.2018 14:19 Чоп этиш версияси

“Буюк алломалар музейи” — Давлатимиз раҳбари таклифи билан музей шундай номланди

“Буюк алломалар музейи” — Давлатимиз раҳбари таклифи билан музей шундай номланди
Қўқонда шаҳар мусиқали драма театри, “Буюк алломалар музейи” ва театр, санъат ва маданият ходимлари учун янги уй-жой биносини ўз ичига олган ансамбль барпо этилди

– Давлатимиз раҳбари театрга ташриф буюрганида бутун жамоамиз билан қувондик, – дейди Қўқон шаҳар мусиқали драма театри директори Ҳусанжон Эшматов. – Театримизга 1915 йилда Шоҳид Мироқилов томонидан асос солинган. Ўтган бир асрлик давр мобайнида забардаст ижодкорлар томонидан кўплаб шоҳ асарлар театримиз саҳнасига олиб чиқилган, муваффақият қозонган. Бироқ сўнгги йилларда театр биноси таъмирталаб ҳолда эди. Президентимизнинг топшириқлари асосида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари маданият ва санъат ходимларига бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди.

Ўтган давр мобайнида театр биноси тубдан янгиланди. Актёрларнинг ишлаши, дам олиши, спектаклларга тайёргарлик кўришлари учун барча қулайликлар, шароитлар яратилди. Бу эса жамоага кўтаринки кайфият бағишлаб уларни янада яхшироқ ижод қилишга, томошабин учун энг сара образларни жонлантиришга ундамоқда. Театр жамоасига “Исузи” автобуси совға қилингани ва “Нексия-3” хизмат автомашинаси берилгани жамоани янада руҳлантирди, олис ҳудудлардаги мухлисларига ҳам ижод намуналарини ҳадя этиш имкони туғилди.

Театр рўпарасидаги Янги чорсу кўчасида 3 қаватли 36 хонадондан иборат янги уй-жой биноси қуриб битказилди ва имтиёзли кредит асосида театр, санъат ва маданият ходимларига берилди. Ўзбекистон халқ артисти Шафоат ая Раҳматуллаевага ҳам янги уйнинг иккинчи қаватидан икки хонали хонадон Президент совғаси сифатида берилди.

Биз Шафоатхон ая билан янги хонадонда учрашдик. Замонавий андозалар асосида қурилган хонадон барча қулайликларга эга, мебель жиҳозлари билан таъминланган.

1.JPG

– Юртбошимиз ташрифларидан сўнг шаҳримиз янада равнақ топди, – дейди Шафоат ая Раҳматуллаева. – Айниқса, театрда бўлган ўзгаришлар бугун барчамизни қувонтирди, кучимизга куч қўшиб ижодий изланишларга чорламоқда. Театр ходимлари учун қуриб битказилган бу уй-жой эса олис қишлоқлардан қатнаб ишлайдиган ижодкорларимизга қанот бағишлади. Мана бу уй менга катта туҳфа бўлди. Ижодимни қадрлаган, ҳурмат қилган халқимиздан, фарзандларимдай бўлиб қолган жамоамдан, Юртбошимиздан миннатдорман. Яна кўп йиллар халқимизга хизмат қилишни, шогирдларимга бош-қош бўлишни ният қилдим.

Ансамблдан ўрин олган “Буюк алломалар музейи” ҳам миллий қадриятларимиз, миллий маънавиятимизнинг энг ноёб бойликларини ўзида жамлаган. Музейнинг илмий концепцияси янгитдан ишлаб чиқилди ва унинг асосида тематик экспозиция режаси тузилди ва экспозиция ишлари бошлаб юборилди.

10.JPG

– Музейни давлатимиз раҳбари таклифи билан “Буюк алломалар музейи” деб номладик, – дейди музей директори Р.Зияев. – Музейда ўрта асрлар, Темурийлар даври, Қўқон хонлиги ва мустамлакага қадар яшаб ижод этган алломаларимизга оид экспонатлар, асарлар, суратлар йиғилмоқда. Бу ерга ташриф буюрувчилар буюк аждодларимиз ҳаёти, босиб ўтган йўллари, ижод маҳсуллари ҳақида тўлақонли маълумот олади. Буюмлар, турли идишлар эса ўша давр турмуш тарзидан дарак беради.

Ҳа, бугун Қўқон шаҳрида бўлган киши бундай бунёдкорлик ишларидан янада завқланади, кўнглида мамнунлик уйғонади. Айниқса, маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ҳам маънавий камолот сари қўйилаётган қадам аслида.


Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА


Ушбу мақола ЎзА обуначиларига тақдим этилган янгиликнинг бир қисми бўлиб веб сайтда қисқартирилган шаклда чоп этилди. 

15 461