ЎзА Ўзбек

08.09.2018 11:27 Чоп этиш версияси

​Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерациясининг 2021 йилги саммити Самарқандда ўтказилиши мумкин

​Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерациясининг 2021 йилги саммити Самарқандда ўтказилиши мумкин

7 сентябрда Хитойнинг Циндао шаҳрида Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси (WTCF)нинг навбатдаги саммитида Самарқанд шаҳри илк бор иштирок этди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати.

2012 йилда Пекин шаҳрида асос солинган мазкур федерация ўтган олти йил давомида аъзолари сонини 58 дан 202 тагача кенгайтириб, жаҳон миқёсида туризм соҳасидаги йирик тузилмалардан бирига айланди. Айни пайтда сайёрамиздаги 66 мамлакат шаҳарлари федерация аъзоси ҳисобланади.

Самарқанд шаҳри мазкур саммитда меҳмон сифатида иштирок этди ва федерацияга аъзолик масаласи кўриб чиқилди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев шаҳарнинг сайёҳлик салоҳияти, соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Б.Нуруллаев ўз тақдимоти якунида WTCFнинг 2021 йилги саммитини Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини билдирди.

Федерация саммити ҳар йили ўтказилса-да икки йилда бир марта Хитой шаҳарлари мезбонлик қилади. 2019 йилги саммитни Хельсинки шаҳрида, 2020 йилда эса яна Хитойда ташкил этиш режалаштирилган.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА​
3 641