ЎзА Ўзбек

11.07.2018 18:25 Чоп этиш версияси

Бута ва дарахтларига булбулдан бошқа қуш қўнмайдиган масканни биласизми?

Бута ва дарахтларига булбулдан бошқа қуш қўнмайдиган масканни биласизми? Тошкент вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида туризмни ривожлантириш мақсадида 99 миллиард сўмлик 22 лойиҳа амалга оширилди. Бу қарийб 380 янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Вилоятда туризм инфратузилмасини янада яхшилаш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, уларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида тизимли ишлар бажарилмоқда.

13.JPG

Бугунги кунда вилоятда 67 меҳмонхона, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 120 корхона, 71 санаторий ва дам олиш масканлари фаолият юритмоқда. Вилоят ҳокимлигининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича котибиятидан маълум қилишича, келгуси икки йилда бу каби туризм ривожига хизмат қилувчи объектлар сони 500 дан ошиши кутилмоқда. Жумладан, 26 меҳмонхона, 20 санаторий, 22 дам олиш маскани, 19 кафе ва ресторан, 10 агротуризм объекти, 1 гольф майдони, 372 меҳмон уйлари ва бошқа йўналишдаги 63 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

– 2018-2019 йилларда туризм йўналишида 533 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, – дейди вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари С.Низомов. – Ушбу мақсадлар учун 2 триллион 400 миллиард сўм, жумладан, 48 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция йўналтирилади. Пировардида, 5 минг 400 га яқин янги иш ўрни яратилади.

14.JPG

Лойиҳалар тўлиқ амалга оширилгач, вилоят меҳмонхоналари қуввати 2 баробар ошади. Меҳмонхоналар йилига 4 минг 500 га яқин, дам олиш масканлари 400 мингдан зиёд, меҳмон уйлари эса 2 минг 500 сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Туризм индустриясини жадал ривожлантириш борасида бу каби лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризм йўналишидан олинаётган даромад салмоғини ошириш имконини беради. Якунланган ярим йилликда сайёҳларга кўрсатилган туризм хизматлари ҳажми 140 миллиард сўм, туристик хизматлар экспорти эса 25 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Жорий йил якунига қадар бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошиб, 58 миллион АҚШ долларига етказилади.

16.JPG

Албатта, вилоятда туризмни ривожлантиришга доир режалар салмоқли. Хўш, бу борада белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиш ҳолати қандай? Ўтган 6 ойда 22 лойиҳа, яъни умумий режанинг 4,1 фоизга бажарилиши кам эмасми?

– Мустақиллик байрами арафасида қиймати 126 миллиард сўмлик яна 25 лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган, – дейди вилоят ҳокимлигининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассиси Ф.Раҳматуллаев. – Лойиҳаларнинг деярли барчаси қурилиш жараёни билан боғлиқ бўлиб, аксариятида ер ажратиш, текислаш, қурилиш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳаракатлар бошланган.

Вилоят улкан туристик салоҳиятга эга. Айниқса, ҳудуднинг экотуризм йўналишидаги имконияти юқори бўлиб, Бўстонлиқ ва Паркент туманларидаги пурвиқор тоғ тизмалари, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, муқаддас қадамжолар, шифобахш булоқлар ва мўътадил иқлим сайёҳларни доимо ўзига жалб этиб келган. Ёз мавсумида бу жойлар янада гавжум бўлади.

23.JPG

Маълумотларга кўра, Паркент туманига кунига ўртача 1 минг 500 сайёҳ ташриф буюрмоқда. Туманнинг Кумушкон, Сўқоқ, Заркент, Ҳисорак каби табиати бетакрор қишлоқларига сайёҳлар асосан тоғнинг салқин ва тоза ҳавосидан баҳра олиш, шунингдек, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун келади. Сўнгги пайтларда туман ҳудудида жойлашган "Физика-Қуёш" илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтига ҳам ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ортмоқда.

– Бу ерда аввал оилам билан бўлган эдим, энди эса дўстимни бошлаб келдим, – дейди россиялик сайёҳ А.Павлов. – Ҳар қанча келсанг арзийдиган жой. Чунки, бу каби мажмуа ер юзида иккита. Бири Францияда, иккинчиси эса Ўзбекистонда. Мана шундай ноёб масканда эканимиздан хурсандмиз. Буни тезроқ бошқа дўстларимизга ҳам улашгимиз келаяпти. Аммо, бу ерда интернет тезлиги паст экан.

Дарҳақиқат, бугунги кун сайёҳига нафақат тезкор интернет, балки шинам меҳмонхона, равон йўл, мазали таом, ва албатта, маълум бир ҳудуднинг туристик харитаси, қисқача айтганда, яхлит бир туристик инфратузилма керак.

33.JPG

– Жорий йил туманимизга 311 минг 500, жумладан, 7 минг 250 хорижий сайёҳ ташриф буюрди, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти ҳудудий бўлими бошлиғи З.Йўлдошев. – Уларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратиш, хусусан, меҳмонхона ва умумий овқатланиш объектлари ташкил этиш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган масканларда интернет тезлигини яхшилаш, туманнинг туристик харитаси ва туристик манзилларига оид буклетлар тайёрлаш каби қатор йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

З.Йўлдошевнинг таъкидлашича, туманнинг туризм билан боғлиқ табиий имкониятларидан унумли фойдаланиб, агротуризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Номданак қишлоғида вино дегустацияси шоурумларини ташкил этиш учун 450 минг долларлик лойиҳа татбиқ этилаётир. Бу ерда маҳаллий ва ҳорижий сайёҳлар Паркент узумини етиштириш сирлари билан танишади, машҳур узум сайллари ташкил этилади. Шунингдек, чет эллик сайёҳлар Паркент узумидан тайёрланган вино ва вино маҳсулотларини танлаш, татиб кўриш имкониятига эга бўлади.

Кумушкон қишлоғида денгиз сатҳидан 1 минг 650 метр баландликда Ҳазрати Али бува зиёратгоҳи жойлашган. Қишлоқ одамларининг ривоят қилишича, Пайғамбаримизнинг куёвлари Ҳазрати Али шу жойда намоз ўқиган эмиш. Айрим ривоятларга кўра, унинг қамчисидан, яна баъзи бирларида қайд этилишича, ҳассасидан чинор дарахти кўкариб чиққанмиш. Бу чинор ҳозир ҳам яшнаб турибди. Ушбу муқаддас жойда 5 та булоқ бор. Ривоятларга суянадиган бўлсак, улар Ҳазрат Алининг беш панжасидан пайдо бўлган. Булоқлардан чиқаётган сув кумушга тўйинган бўлиб, таркибидаги 60 дан ортиқ микроэлементлар ошқозон-ичак касалликлари учун ғоят шифо саналади.

37.JPG

– Бу ерга кунига ўртача 350 сайёҳ зиёратга келади, – дейди зиёратгоҳ иш юритувчиси Х.Ғиёсов. – Улар учун зиёратгоҳда барча шароит яратилган. Қишлоқда меҳмон уйлари ишлаб турибди. Аммо ёз мавсумида бу жойлар торлик қилиб қолади. Узоқ йўлдан келадиганлар, осойишталикни хуш кўрувчилар учун зиёратгоҳдан тепароқда, денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда меҳмонхона барпо этишни мўлжаллаб турибмиз.

Чотқол тоғ тизмаларида жойлашган Заркент қишлоғидаги "Заркент ота" зиёратгоҳи ҳам сайёҳлар ва зиёратчилар билан гавжум. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ушбу зиёратгоҳнинг ўзига хос ноёб хислати мавжуд. Биринчиси, бу жойдаги дарахт ва буталарга булбулдан бошқа қуш қўнмайди. Шу боис бу жойни қушқўнмас, деб ҳам аташади. Ривоят қилинишича, асли Шомда туғилган ва замонасининг илмли кишиси бўлган Сайид Жаъфар Ғозий Заркентга келади. Бу ерда у кишига Ҳизр алайҳиссалом учрайди. Сайид Жаъфар Ғозийнинг ташналигини қондириш учун ҳассасини тошга уради ва булоқ пайдо бўлади. Ривоятда давом эттирилишича, Ғозий душманлари таъқибидан халос бўла олмагач, ушбу булоқ атрофидаги бутазорга кириб кетган ва қайтиб чиқмаган. Иккинчиси, қадамжонинг муродбахшлиги ва булоқ сувининг шифобахшлигидир. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу булоқ сувидан ичгани учун қишлоқда ҳали ҳеч ким бўқоқ касалига чалинмаган экан.

...Паркентга шом чўкмоқда. Сўқоқнинг мусаффо ҳавоси, муздеккина шамоли этни жунжиктиради. Туманга сафаримиз давомида туризмни ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани баробарида ҳали ишга солинмаган беқиёс имкониятлар борлигига ишонч ҳосил қилдик.

Аваз Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
7 690