ЎзА Ўзбек

08.09.2018 19:57 Чоп этиш версияси

Бурама мих, канцелярия пичоғи, сунъий тиш ва уй телефонлари тўхтатиб қолинди

Бурама мих, канцелярия пичоғи, сунъий тиш ва уй телефонлари тўхтатиб қолинди Амалдаги тартибларга кўра, республика ҳудудига қалбакилаштирилган маҳсулотлар ва товарларни ноқонуний олиб киришга чек қўйиш мақсадида божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига ўтказилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан, уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати ҳақидаги маълумотни тақдим этишлари шарт.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” чегара божхона постида Хитойдан пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган контейнерларни кўздан кечириш давомида божхона қоидабузарлиги фош этилди.

photo5233230347108461046.jpg

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, контейнерларга 52,6 тоннадан ортиқ 13 турдаги хўжалик товарлари ортилган бўлиши лозим эди. Аммо, божхона кўриги давомида контейнердаги юклар билан ҳужжатлардаги маълумотлар ўртасида тафовутлар кўзга ташланди. Натижада, контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқча, жами қиймати 337 миллион сўмлик 12,5 тоннага яқин бурама михлар, 1 тоннадан ортиқ канцелярия ишида фойдаланиладиган тиғ ва пичоқлар ортилгани аниқланди.

“Келес” темир йўл чегара божхона постида ҳам жисмоний шахслар томонидан товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига доир божхона қоидабузарликлари фош қилинди.

“Олмота-Нукус” йўналиши бўйича йўловчи ташиш поезди вагонларидан бирида қўшни давлат фуқароси йўловчи божхона декларациясида ва оғзаки сўров пайтида маълум қилмасдан туриб, стоматологияда қўлланиладиган салкам 1800 дона сунъий тиш ва қуймаларни олиб кираётганлиги аниқланди. Мазкур тиббий буюмларнинг умумий қиймати 25 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этди.

photo5233230347108461047.jpg

Бундан ташқари, айни шу рейсдаги яна бир вагон қўшни давлат фуқароси томонидан ҳам содир этилган божхона қоидабузарлигига нуқта қўйилди. Ушбу шахс ҳам божхона назоратидан яширганча, қиймати 20 миллион сўмдан ортиқ бўлган 132 дона уй телефони, 242 дона уяли телефон аксесcуари ва бошқа турдаги 23 хил товарларни олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

ЎзА
4 496