Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 20:11 Чоп этиш версияси

Бундай ишлар халқимизга ярашмайди

Қўлини кўксига қўйиб чой узатган келинига қараб, қайнонанинг қалбида меҳр мавжланди. Дастурхондаги ноз-неъматларнинг энг сараларини оила шажараси давомчисини юрагининг тагида кўтариб юрган келинининг олдига суриб қўя бошлади.

Бу жуда оддий, лекин ҳар куни мамлакатимиздаги миллионлаб оилаларда содир бўладиган бахтли лаҳзалар. Бундай манзара оила муҳитига таъсир ўтказиб, оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ҳам меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди.

Бунинг акси бўлса-чи? Масалан, келин ҳеч бир ишни чин дилдан қилгиси келмайди. Бундан қайнона уззукун нолиб, бошқаларга тинчлик бермайди. Ота хуноб, сабр-косаси тўлган ўғил қўлига илинган нарсани синдиришдан тоймайди. Қарабсизки, оила жарлик сари бораверади.

Профилактика кунида пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Қурувчилар маҳалласида ўзаро келиша олмаган қайнона-келин муносабати муҳокама этилди. Маҳалладошлари олдида ўртага чиққан қайнона бироз хижолат тортган бўлса, ёш ва ўзига анча бино қўйган келинда бу ҳолат аввалига кузатилмади. Ёши улуғ отахонлар, кайвони онахонлар вазиятга баҳо бериб, келинчакнинг шу туриши аслида танқидга, тарбияга муҳтожлиги ҳақида фикр юритишди.

Ҳар доим тарбия ўчоғи, маънавият бешиги бўлиб келган маҳалланинг таъсири ҳали ҳеч кимни ёмон йўлга бошлаган эмас. Сал ўтиб, мағрур келинчакнинг боши эгилгани, кўзига ёш келиб, кечирим сўрагани шундан далолат.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамиятимизда маҳалланинг таъсир кучини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаётир. Содир бўлаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактика куни айнан маҳаллада муҳокама этилаётгани, таъбир жоиз бўлса, одамларнинг кўзини очишга кўмаклашмоқда.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган профилактика куни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг кескин камайишида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Сергели тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи Зафар Отаев. – Учраётган шундай ҳолатларнинг очиқ-ошкора муҳокама этилиб, сабаб ва оқибатлари ҳақида мушоҳада юритилаётгани аҳолининг ҳуқуқий онгини оширмоқда. Бу тажрибанинг таъсир кучи инобатга олиниб, содир бўлаётган ҳуқуқбузарликларни шу куннинг ўзида маҳаллада муҳокама қилишни йўлга қўйдик.

Сергели туманидаги Нурҳаёт маҳалласи. Сайёр очиқ суд мажлиси. Узукка кўз қўйгандек бир-бирига муносиб эр-хотин маҳалла аҳли олдида бош эгиб турибди. Жаҳл устида аёлига қўл кўтарган эркак ўзини одобли тутиб, қилмиши учун кечиришларини сўради.

Аёлининг айтган нарсасини олиб келмагани учун хотини хафа бўлиб жанжал кўтаргани эрни қуюшқондан чиқарган. Эрнинг зўравонлиги энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги жарима жазоси белгиланишига сабаб бўлди. Аёл эрини жазолатиб мақсадига етган бўлса-да, суюна олмади. Алал-оқибат оила бюджети зарар кўрди-да.

Навбатдаги масала опа ва ука ўртасидаги келишмовчилик бўлди. Гарчи опа уканинг устидан арз қилган бўлса-да, маҳалладошлар бунда кўпроқ опани айблади. Ҳали коллеж ўқувчиси бўлган укани тўғри йўлга бошлаш, унга намуна бўлиш ўрнига ботқоққа итариш менталитетимизга тўғри келмайдиган ҳолат экани айтилди. Опа катталарнинг ибратомуз насиҳатларидан кейин хатосини тушуниб, даъвоси йўқлигини билдирди.

Қўшни йигит ва қизнинг ўзаро чиқиша олмай қолгани ёқа йиртишгача бориб етган. Қиз юқори ташкилотларда танишим бор, сенга кўрсатиб қўяман, деб йигитнинг устидан ички ишлар органига ариза топширган. Воқеа жойига етиб келган маҳалла раиси икки ёшга насиҳат қилиб, уларни яраштиришга уринган. Аммо қиз маҳалла раисини ҳам менсимаган.

Суд жараёнида қиз йигитни айблаб, кийимимни ҳам йиртган, деб кўрсатма берди. Йигит бундай қилмаганини, лекин қиз уни ҳақоратлаганини, шунда ҳам даъвоси йўқлигини билдирди. Гувоҳ сифатида «Нурҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муаззам Холбобоевага сўз берилганда, у шу куни аслида йигитнинг бўйни ва қўллари тирналиб-шилингани, қиз уни ҳамманинг кўз ўнгида ҳақоратлаб, ҳеч кимга қулоқ солмаганини маълум қилди. Жанжалга аралашган йигит энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилган бўлса, нохолис аризачи, одоб-ахлоқ қоидаларини менсимаган қизга энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солинди.

Буларнинг бари бир қарашда ҳаётда учрайдиган оддий икир-чикирлар. Лекин вақтида чора кўрилмаса, олди олинмаса газак олиб кетиши ва хунук оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Ахир ёлғиз қўшнидан хабар олиш, муҳтожга ёрдам, кўчада қолганга уйидан жой бериш, бир майизни қирқ бўлиб ейиш халқимиз асрлар давомида амал қилиб келган олижаноб фазилатлар-ку. Булар бизни дунёга бағрикенг халқ сифатида танитган қадриятлардир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш – бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди, деб бежиз таъкидламаган.

Дарҳақиқат, юқоридаги каби нохуш ҳолатлар бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга соя солади. Бундай номаъқул ҳолатларни бартараф этиш учун ҳар томонлама чуқур ўйлаб, мунтазам равишда иш олиб боришимиз керак.

Профилактика куни муносабати билан Сергели туманидаги таълим муассасаларида давомат, тушунтириш-тарғибот ишлари билан бирга ёнғин, йўл ҳаракати хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати ходимларининг профилактик чора-тадбирлари амалга оширилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
4 482






Все о погоде - Pogoda.uz