Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 18:33 Чоп этиш версияси

Бухорода вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига қарашли янги мажмуа фойдаланишга топширилди

Бухорода вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига қарашли янги мажмуа фойдаланишга топширилди Тадбирда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари К.Арипов ва бошқалар мамлакатимизда турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича самарали тизим яратилганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги қонунлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Лойиҳа қиймати 4 миллиард сўм бўлган ушбу йирик мажмуа бир неча бино ва иншоотдан иборат. Бу ерда аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази ҳам бўлиб, унда фуқаролар, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга оид билимини мустаҳкамлаш, ўқув машғулотлари ўтказиш учун барча шароит яратилган. Ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширишга хизмат қиладиган тренажёр зали, стадион зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Фавқулодда вазиятларда қутқарувчилар зиммасига катта масъулият юкланади. Уларнинг муваффақиятли ҳаракати нафақат касб малакаси, балки яратилган шароитларга ҳам бевосита боғлиқ. Мажмуада қутқарув отряди хизмати учун ҳам кенг имкониятлар мавжуд. Ходимлар учун ҳар бири уч хонали 12 уй ҳам барпо этилган. Тадбирда уларга янги уйларнинг калити топширилди.

– Уйда барча замонавий қулайлик мавжуд, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Омонов. – Болалар ўйин ва спорт майдончалари фарзандларимизнинг жисмонан бақувват улғайишида муҳим аҳамият касб этади. Мажмуа мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби яқинида жойлашган.

Мажмуада Бухоро шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимининг барча хизмат хоналарига эга биноси ҳам фаолият кўрсатади.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
3 807






Все о погоде - Pogoda.uz