Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 15:27 Чоп этиш версияси

Бухорода “Намунали ички ишлар органлари таянч пункти” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

Бухорода “Намунали ички ишлар органлари таянч пункти” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди Бухорода “Намунали ички ишлар органлари таянч пункти” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим ўтказилди.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашда алоҳида ўрин тутган ички ишлар органларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Вилоятда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда соҳанинг муҳим бўғини ҳисобланган, бевосита маҳалла ҳудудида иш юритаётган 199 милиция таянч пунктининг ўрни катта. Улардаги профилактика инспекторларининг ўз вазифасини самарали амалга оширишида, фуқаролар йиғинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг илғор тажрибасини тарғиб қилиш ва рағбатлантиришда “Намунали ички ишлар органлари таянч пункти” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда.

Танлов ғолибларини аниқлашда милиция таянч пунктларининг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги вазият, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва аҳоли билан ҳамкорлиги, билим ва тажрибаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Қоровулбозор тумани Имом Бухорий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ички ишлар органларининг 186-таянч пункти биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Ҳудудимизда 4 мингга яқин аҳоли яшайди, – дейди ғолиб пункт профилактика инспектори, катта лейтенант Нодирбек Валиев. – Маҳалла фуқаролар йиғини билан бир бинода иш олиб бораётганимиз эл осойишталигини таъминлашда қўл келаётир. Ҳудуддаги муаммолар жамоатчилик кўмагида ўз вақтида ҳал этилмоқда. Ҳудудимизда аҳоли бандлиги масаласи тўла ечим топган. Уй бекаларининг аксарияти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг касаначилик маркази билан ҳамкорлик қилади. Ёшларимиз мазкур корхонанинг спорт-соғломлаштириш маркази, маданият саройида шуғулланмоқда. Ўтган йили ҳудудимизда бирорта ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилмади.

Танловда Олот тумани “Жайхунобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ички ишлар органларининг 176-таянч пункти, Шофиркон тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 127-таянч пунктига иккинчи ва учинчи ўринлар насиб этди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
3 811






Все о погоде - Pogoda.uz