Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.05.2018 12:06 Чоп этиш версияси

Бухорода китоб байрами

Бухорода китоб байрами
Бухоро вилояти марказий маданият ва истироҳат боғи ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Минглаб ёшлар - олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус, касб- ҳунар таълими муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари бу ерда ўтказилган Китоб байрами тадбирида иштирок этди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, маданият бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда бадиий, оммабоп маърифий асарлар кўргазмаси намойиш этилди. “Бухоро китоб олами”, “Бухоро Шарқ” каби йирик дўконлар томонидан ташкил этилган кўргазма- савдоларда барча ёш тоифаларидаги китобхонлар учун китоблар савдоси йўлга қўйилди.

5 (1).JPG

Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот- кутубхона маркази, ахборот -ресурс марказларининг бадиий асарлар, уларнинг электрон вариантлари тақдимотлари, уларга шарҳлар каби маънавий тарғибот тадбирлари ҳам байрам иштирокчиларида катта қизиқий уйғотди.

– Олий ўқув юртимизнинг ахборот-ресурс маркази бой китоб фондига эга, – дейди Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали талабаси Азизбек Бобоёров. – Унда миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара асарлари ўрин олган. Улар биз каби ёш китобхонлар учун катта бойлик. 

3.JPG

Байрам дастури доирасида викториналар, китоб сюжети асосида асфальтга расм солиш танлови ҳам ўтказилди.

Тадбир меҳмонлари орасида хорижлик сайёҳларни ҳам кўриш мумкин эди.

– Маданият ва истироҳат боғи ҳудудидаги тарихий ва меъморий обидаларни томоша қилгани келиб, китоб байрамини ҳам томоша қилдик, –дейди германиялик сайёҳ Зефф Маркут. – Таржимон бизга тадбир ҳақида кенг маълумот берди. Мамлакатингизда китобхонликни тарғиб қилишга берилаётган катта эътибор ифодаси бўлган бу тарғибот байрами бизда ажойиб таассурот қолдирди. Бугунги кенгайиб бораётган ахборот маконида интернет алоҳида имконият. Лекин у бадиий асарларнинг ўрнини босолмайди. Китоб байрамида ёшларнинг фаол иштироки улар буни яхши тушунаётганини, интернетдан кўра босма нашрлар доимий йўлдош бўлишини англаётганини кўрсатиб турибди.

Сўлим боғда адабиёт мухлислари воҳа ижодкорлари билан мулоқотда бўлди. Учрашув мушоираларга уланиб кетди.

Тарғибот тадбири вилоят санъаткорлари ижросидаги куй ва қўшиқларга ҳамоҳанглиги билан ҳам байрамона кайфият бағишлади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
6 956