ЎзА Ўзбек

10.09.2018 22:53 Чоп этиш версияси

Бухорода халқаро бизнес форум

Бухорода халқаро бизнес форум Бухорода “Agro Business Bukhara” халқаро бизнес форуми ўз ишини бошлади.

“Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонасида бизнес юритишнинг афзалликлари, шунингдек, вилоятнинг инвестиция салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган форумда Россия, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Голландия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Ҳиндистон, Эрон, Исроил, Саудия Арабистони, Германия каби 18 мамлакатдан ташриф буюрган 120 дан ортиқ компаниялар вакиллари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 200 дан зиёд хўжалик субъектлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форумда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлиги, йирик корхоналар учун ажратилган павильонларда ҳудудларда етиштирилган мева-сабзавот саноат маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Хорижий инвесторлар билан ўзаро ҳамкорликка оид шартномаларни имзолаш бўйича мулоқотлар бўлиб ўтди.

8.jpg

Форум бошланиши олдидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилиб, форум ва унинг мамлакатимиз, хусусан, Бухоро вилоятига инвестициялар жалб этишдаги аҳамияти тўғрисида маълумот берилди.

Бухоро вилоятида 20 давлат хорижий инвестицияси иштирокида 100 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани ҳамкорлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади. ЭИЗда замонавий иссиқхона хўжаликлари, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш ва ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонаси давлат унитар корхонаси дирекцияси ташкил этилди, ЭИЗ таркибидаги 3000 гектар майдоннинг ер харитаси ишлаб чиқилди.

“Бухоро-агро” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. Унинг фаолият кўрсатиш муддати мобайнида ҳудудда алоҳида солиқ ва божхона режимлари амал қилиши инвесторларга қулайлик яратади. 

12 (1).jpg

Форумда Бухоро вилоятида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика ва биотехнологиялар, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, замонавий меҳмонхоналар қуриш, савдо ва хизмат кўрсатиш, маиший техника воситалари ва электротехника жиҳозлари ишлаб чиқариш, туризм, шунингдек, бошқа даромадли соҳаларда ишлаб чиқилган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда ҳамкорлик қилишда тегишли имкониятлар борлиги маълум қилинди. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар жадал ривожланаётган туризм соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилинди.

Форумнинг биринчи куни якуни бўйича брифинг ташкил этилди. Унда 180 дан зиёд инвесторга 1 миллиард доллардан зиёд миқдорда инвестиция лойиҳалари таклиф этилгани ва сармоядорлар билан 350 миллион долларлик шартномалар имзолангани маълум қилинди.

– Биз Пешку тумани ҳокимлиги билан тузилган келишув шартномасига асосан, умумий лойиҳа қиймати 30 миллион долларга тенг бўлган 100 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этамиз, – дейди Жанубий Кореянинг “Geumsan iron and steel Co LTD” компанияси президенти Ким Хван Жунг. – Бу ерда босқичма-босқич қурилиши режалаштирилаётган иссиқхоналар учун зарур ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарадиган завод ҳам барпо этамиз.

Халқаро бизнес форум 11 сентябрда ўз ишини давом эттиради. Инвесторлар бевосита жойларга чиқиб, лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари билан танишади.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Мирзаев, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
4 787