Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 18:16 Чоп этиш версияси

Бухоро муҳандислик-технология институтида қизлар фестивали ўтказилди

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари талаба қизлари ва маҳаллалардаги уюшмаган қизлар вакиллари иштирок этди.

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ш.Наврўзова ва бошқалар Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш вазифаси белгилаб берилганини таъкидлади. Айниқса, миллат давомчиси бўлган қизларни маърифатли, зиёли ва оналик мақомига муносиб қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Қизларнинг билим олишга бўлган қизиқиши, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, истеъдодли қизлар сафини кенгайтириш, шу билан бирга, уюшмаган қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг кийиниш ва муомала маданиятини юксалтириш каби мақсадлар кўзланган фестиваль ушбу олижаноб мақсадларга хизмат қилади.

Фестивалда қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, унинг салбий оқибатлари ҳақида сўз юритилди.

– Ёшларни оилага тайёрлашда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган ҳолда тиббий маданиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Бухоро давлат университетининг педагогика факультети талабаси Н.Тойирова. – Университетимизда фаолият кўрсатаётган Ибн Сино номидаги саломатлик маркази, факультетимизнинг “Ораста қизлар” тўгарагида ана шу долзарб мавзуларда мунтазам машғулот ва суҳбатлар олиб борилмоқда.

Тадбирда ёшларда турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, уларни “оммавий маданият” таъсиридан ҳимоя қилиш мавзусига оид маърузалар тингланди.

“Тақлидга танқид” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир барчада катта қизиқиш уйғотди. Унда баъзи ёшларнинг миллий менталитетимизга зид равишда ажабтовур кийиниши, бу нафақат шарқона одобга, балки тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳаётий далиллар асосида тушунтирилди.

“Қизлар кўпроқ китоб ўқисин” шиори остидаги лойиҳа тақдимотида ўқувчи ва талаба қизларнинг бир неча тилда шеърий мушоираси бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида ўтказилган истеъдодли қизларнинг ижод намуналари кўргазмасида Бухоро муҳандислик-технология институти талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизлари томонидан яратилган миллий ва замонавий услубларни ўзида мужассам этган либослар коллекциялари намойиш қилинди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 413






Все о погоде - Pogoda.uz