Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2018 19:55 Чоп этиш версияси

“Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасига 3 минг гектар ер ажратилади

Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва қайта ишлашни чуқурлаштириш, уларнинг экспорт ҳажмини ошириш янада такомиллашади.

Президентимизнинг 2018 йил 10 июлдаги “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этиладиган “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси ташқи бозорда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни таъминлайдиган замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни шакллантириш, Бухоро вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Вилоятда помидор, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган иссиқхоналар йилдан-йил кўпаймоқда. Аммо “Бухоро-агро” ЭИЗ зиммасига юклатилган вазифалар ва фаолият йўналишларига мос ҳолда, ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини оширишга эришиш нуқтаи назаридан олиб қаралганда, улар ҳудуди, кластер усули асосида ташкил этиладиган янги иссиқхона хўжаликлари билан рақобатлаша олмайди. 

Эркин иқтисодий зона замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан тортиб маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган барча жараёнини йўлга қўйиш ҳамда рағбатлантиришнинг самарали механизмларини жорий қилиши билан дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги илғор тажрибани ўзида ифода этади. 

“Бухоро-агро” ЭИЗ логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан етиштирилган маҳсулот экспортини ташкил қилишда кўмаклашиш, иссиқхоналар фаолиятини йўлга қўйишда замонавий ресурс тежовчи технологияларни, муқобил иссиқлик энергияларидан фойдаланишни кенг жорий этиш билан шуғулланади. У ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чораларини кўради. Иссиқхона хўжаликлари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашда бўлажак кадрларнинг “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида фаолият юритаётган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташига ёрдам кўрсатади. 

Яна бир жиҳат, замонавий иссиқхоналар қуриш учун кўплаб конструкция ва жиҳозлар зарур бўлади. Уларни четдан келтириш эса анча харажат талаб қилади, бу, ўз навбатида, маҳсулот таннархига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун вилоят ҳокимлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда илғор технологияларни қўллаган ҳолда бундай конструкция ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган маҳаллий корхоналарни ташкил этади. Бу эса, янги иш ўринлари деганидир. 

Вилоят эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан Президентимиз қарорида белгиланган муддатда “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекцияси ва унинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Айни пайтда мазкур кенгаш тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ЭИЗ ҳудудида лойиҳалар амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектлари жалб этилишини, улар билан тизимли ишлар олиб борилишини, шунингдек, лойиҳаларни мазкур ҳудудга жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, ишбилармонларга бизнес-режалар ишлаб чиқишда кўмаклашади. 

Қарорга мувофиқ, “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекцияси эркин иқтисодий зонанинг бутун фаолияти даврида асосий фаолият тури бўйича солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиши ишни ташкил қилиш ва йўлга қўйишда қулайлик яратади. ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий инвестициялар, донор мамлакатлар, халқаро молия институтларининг кредит ва грантлари жалб этилади. Бунда хорижий ва маҳаллий инвесторларни излаш ва жалб қилиш, улар фаолиятини ташкил этишга кўмаклашилади. 

Қарорга мувофиқ, вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси “Бухоро-агро” ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича буюртмачи, “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ эса ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб белгиланди. 

Айни пайтда ”Бухоро-агро” ЭИЗ га кирувчи ҳудудлар рўйхати шакллантирилди. Унга кўра, Бухоро туманида 500 гектар, Жондор туманида 100 гектар, Когон туманида 900 гектар, Пешку туманида 400 гектар, Ромитан туманида 1100 гектар, жами 3000 гектар ер ажратилади. Таъкидлаш керакки, ҳудудларни танлашда уларда инфратузилма барпо этиш қулайликлари, автомобиль ёки темир йўллари билан чегарадошлиги инобатга олинди. 

Янги лойиҳани илмий ёндашувлар асосида амалга ошириш муҳимдир. Қарорда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда замонавий энергия тежовчи иссиқхоналарни улар жойлашган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан, иссиқхонанинг ихтисослашувидан ҳамда унинг самарадорлигига таъсир этувчи бошқа омиллардан келиб чиқиб мақбул шароитларда ташкил этиш юзасидан тавсиялар бериши назарда тутилган. Шунингдек, бир ой муддатда иссиқхона раҳбарлари ва мутахассислари учун иссиқхона хўжаликларини бошқариш, жумладан, деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш ҳамда экспорт қилиш масалалари юзасидан ўқув семинарлари ташкил этилади, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида мутахассисларнинг малакаси оширилади. 

Вилоятда иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришда янги давр бошланди, улкан имкониятлар эшиги очилди. Шу ўринда таққослаш учун айрим далилларни келтириш жоиз. Бугунги кунда вилоят ҳудудида жами 300 гектар майдонда иссиқхона хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўтган йили 30 минг тоннадан зиёд помидор ва бодринг етиштирилди. Қишда бу ҳосилнинг ҳар килограмми 10 минг сўмдан сотилди. Анча қисми экспорт қилинди. Қисқаси, бир гектардан ўртача 1 миллиард сўм даромад олинди. Агар янги ташкил қилиниши мўлжалланган 3000 гектар майдонда келгуси йил қишида 300 минг тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилиши назарда тутилса, иқтисодий-молиявий кўрсаткичлар янада салмоқли кўриниш олади. Ички бозор эҳтиёжидан ортиқча помидор ва бодринг экспортга чиқарилади. Умуман, замонавий иссиқхоналар кўрадиган даромад 3 триллион сўмдан кам бўлмаслиги кутилмоқда. Ҳосилнинг бир қисми қайта ишланиши ҳисобига иссиқхона даромади янада ошади. 

Масаланинг яна бошқа жиҳати ҳам бор. Агар иссиқхоналарнинг ҳар гектарига ўртача 20 ишчи кучи талаб этилиши назарда тутиладиган бўлса, жами қарийб 60 минг кишининг бандлиги таъминланади. 

Президентимиз қарори ижроси доирасида “Бухоро-агро” ЭИЗда ишларни жадаллаштириш мақсадида вилоятда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда ҳар бир тадбир белгиланган муддатда амалга оширилиши қатъий назоратда бўлади, юзага келадиган муаммолар ўз вақтида ечим топади. 

Санъат Ҳикматов,
 Бухоро вилояти ҳокимининг 
қишлоқ ва сув хўжалиги
 масалалари бўйича ўринбосари.

ЎзА
3 802