ЎзА Ўзбек

17.07.2018 20:16 Чоп этиш версияси

Бугунги ва кечаги гаплар...

Ҳаммаси кўз ўнгимизда: бугун жамиятнинг “қимирламаган” жабҳаси қолмади. Уйғониш ва фақат уйғониш билан ифодалаш мумкин буни. Болалигимизда катталарнинг бир гапи бўларди: бола зоти қув бўлади, уйғонганидан кейин ҳам туришга эриниб, ота-онаси тайинлаган ишларни қилишни ўйлаб, эринганича пича чўзилиб ётади. Айни шу эринчоқликни енгиб туришинг керак, бола! Фақат уйғониш билан иш битмайди – ҳамма гап ўрнингдан тура олишингда! Шу тахлит гаплар эшитилаверганидан кейин қув бола аста-секин улғаяди, кўрган-билганлари билан вояга етади. Кўрган-билгани нима бўларди, дерсиз – ўша аста-секинликнинг ҳам меъёри борлигини билиш бу. Шу меъёрдан кейин “аста-секинлик”дан дарак қолмаслиги, барчаси ҳаракатга, шижоатли ҳаракатга айланишини англаш бу.

Не ажабки, жамият ҳам шундай одамга ўхшайди. Табиат эса ўзининг табиийлигини намоён қилиш билан андармон. Бугунги кунда жамиятнинг кўпгина қатламларида шундай ҳолат – уйқудан уйғонишга уйғонган, лекин қилинадиган ишлар кўламига оид тасаввур залворидан, “кўз қўрқоғу қўл ботир” бўлишига қадар муддатдаги ўриндан туришгача бўлган ҳолат кузатилаётганга ўхшаб кетади.

Бунда раҳнамонинг шижоати алоҳида аҳамият касб этаётгани шубҳасиз. Бу шижоатнинг ёқимли “юқумлилиги” эса теран ислоҳотларни, кўзларни қувнатувчи манзараларни яратади – оддийликка, кундаликка кўниккан фикрлаш тарзида фавқулодда моҳият пайдо бўлади.

Ҳазилакам жараён эмас бу. Аслида шундай бўлиши керак эди. Кўз шунчаки қувнайвермайди, бунинг учун, аввал, ўзини қийнаган одамнинг ақли шошиб қолиши керак бўлади, тафаккурдаги шу ўзгаришлардан кейин яратувчан фаолиятидан завқ олади одам. Шижоатнинг ёқимли “юқумлилиги” ҳам айни шу жараёнда – элу юртнинг бугунги бахти йўлидаги курашга айланади.

Халқ таълими вазири миллат миқёсидаги фикрларини асослади – таклиф сифатида баён қилди, “фоиз” эмас, “баравар” миқёсда кўтарилиши керак бўлган касб фаолияти ва турмуш тарзини аниқ мисоллар билан ифодалаб берди. Оммавий ахборот воситаларини кузатган, ижтимоий тармоқларга кирган-кўрган билади, бу жараён бугун барчанинг фаол кузатувида, барчанинг кўз ўнгидаги “қимирлаш”дан “юксалиш”га кўчаётган саъй-ҳаракатлар умумэътирофида намоён бўлаяпти.

Ушбу сатрлар муаллифи ҳам, кўп қатори, шу жараён ичра кўз кўраётган, қулоқ эшитаётган ўзгаришлардан ғоят мутаассирдир. Ўз-ўзидан эсга тушган ҳаётий манзаралар беихтиёр олисларга, тўғрироғи, йиллар ортидаги ўсмирнинг мустақил ҳаётдаги илк қадамларига олиб кетади. Ўқишга кириш учун шаҳарга келавериб, икки йилда икки марта йиқилган абитуриент, учинчи йили кундузги бўлимда йиққан баллари билан сиртқи ўқишга илиниб қолгани ёдга тушади.

***

...Сиртқи бўлим талабаси ўзича сиртдан ўқишни ўқиш, деб билгиси келмас, унинг тасаввуридаги ҳақиқий ўқиш – куни билан қайнаб-қайнаб билим олиш дегани эди. Ич-ичида ғужур бор эди унинг, гажирлигидан шундай бўларди – бошқа бирор сабабнинг ўзи йўқ. Кейинчалик билиб қолди, ғужурнинг, гажирликнинг ҳам бўлгани яхши экан. Ғужури йўқ одамлардан ўрганди буни – нимасини айтсин, илимилиқ, юмшоқ супурги одамлар ҳам кўп-да бу ҳаётда.

Хуллас, сиртқи бўлим талабаси, қишлоққа навбатдаги "шармандали" қайтганида, барибир ўқишни кундузгига ўтказишим керак, деб ич-этини еб юрган кунларнинг бирида қишлоғидаги мактабдан ажралиб чиққан қўшни қишлоқдаги янги мактаб директори Шакарбой ака Қаршибоев уни бир кеп кетсин, дебди. Гап бор дебди. Сиртқи бўлим талабаси директорнинг олдига борди. Директор бир пайтлар уни ўқитганди.

– Менга ишга келсанг, дегандим, мана, ўқишгаям кирган бўлсанг... Мактабда кимнинг қандай ўқиганини биламан. Бизда “Болалар ва ўсмирлар етакчиси” ўрни бўш. Албатта, ишинг кўп бўлади, осон эмас, осон жойда нон йўқ, кейин ҳаммасини вазиятга қараб кўраверардик, бирга-бирга, – деди мактаб директори.

Сиртқи бўлим талабаси ўйланиб қолганда директор:

– Отангдан сўрадим. Педагог педагогни бир қарашда тушунади, олдин отанг билан маслаҳат қилдим, бекор юрмасин, дедим. Отангга шогирдман мен ахир. Маъқул, деди отанг. Яхши қипсан, деди. Ана энди ўзинг айт, истасанг мактабни айланиб кўр. Албатта, “типовой” эмас мактабимиз, бир томони – қурилишимиз давом этаяпти.

...Шу тариқа ўзича сиртқи ўқишни ҳақиқий, деб билмаган сиртқи бўлим талабаси мактабда ишлай бошлади ва тез орада мактабнинг “ҳаракатлантирувчи кучи”га айланди. Болалар ва ўсмирлар билан ишлашнинг замонавий шаклларини ўйлаб топди, болалар билан бирга янги қизиқарли тадбирлар ташкиллаштирди. Ўзини кўрсатишга уқувсиз бўлган, қолаверса, ўзини намоён этишни кеккайиш, деб бундай қилмасликни маъқул кўрувчи тортинчоқ қишлоқ болаларига “жон киритди”. Ҳар бир синфнинг ўз редколлегиясини ташкил қилди. Деворий газета чиқара бошлади. Ҳар бир синфдаги яхши-ёмонни акс эттириши керак эди бу деворий газета. Деворий газета мактаб ҳаётининг ҳақиқий кўзгусига айланди. Директор айтгани рост – қишлоқ ўртасидаги бир қаватли камтаргина янги мактабда иш кўп эди. Устига-устак мактабнинг бир корпусигина ишга туширилган, иккинчиси – асосий бино қурилиши давом этаётганди. Айни навқирон ёшдаги етакчи ишдан кейин уйга келиб, овқат еяр-емас чўзилиб қоладиган бўлди.

– Ҳар куни кечқурун жўралари билан кўчага чиқиб кетарди, киноларгаям бормай қўйди. Чарчаяпти болам бечора, – дейди онаси.

Отаси эса ўзига хос ясама қўполлик билан ғудранади:

– Қўй, ишласин, бурни терлаб, ишнинг ўзи бўлмаслигини билсин. Нон топиши керак-ку. Камига кечаси туриб олади – эрталабгача чироғи ёниқ бўлади... бир нарсаларни ёзадиям бунинг, – дейди. 

Бир куни директор уни хонасига чақирди.

– Олаётган пулинг шунча ишингга, тиниб-тинчимаслигингга яраша бўлмаяпти. Билиб турибман, лекин иложимиз шу. Белгиланган ойлик шундай. Лекин мен бир нарсани ўйладим – биласан, олий маълумотли мутахассис кам. Борлариям бундайроқ... Бешинчи синфнинг раҳбарлигини оласан.

– Йўқ, – деди сиртқи бўлим талабаси. – Менинг маълумотим ҳали олий эмас-ку?

– Буёғини сўрасанг, туман халқ таълими билан маслаҳат қилдим, ўқиётган бўлса, мумкин, дейишди. Ўзингнинг соҳанг тарих фанидан ҳам соат беришим мумкин бўлади ҳали.

Директор қолганига аниқлик киритмади. Асли шарт эмасди ҳам бу аниқлик, негаки сиртқи бўлим талабасига ҳаммаси аён эди.

Бешинчи синф болаларининг ҳаракатлари, билимга интилишлари, тадбирлардаги қилаётган ишлари рост эди. ёлғони йўқ эди. Ёлғони йўқ жойда киши маза қилиб ишлаши ҳам рост.

– Яхши синф, умуман олганда, ўртача ўқийдиган болалари кўп синф, аълочилари саноқли. Фақат битта ўқувчи бор, шуни эплай олсанг – ишинг беш. Ўзи ёмон эмасдир, лекин тарбияси мундайроқ. Ўзимизнинг гап – ҳамма онасини юз-хотир қилиб, уйидаги шароитини ўйлаган. Аслида шу пайтгача ҳарф танимайди. Бешинчи синфгача шундай ўтиб келган, – деди директор.

Директор шуларни айтиб, ўша боланинг отини атади ва унинг онаси ҳақида гапирди. Албатта, қишлоқ жой, ахир – ҳаммагаям таниш бу оила.

– Илгаридан ҳам жуда аъло эмасди-ю... Эри оламдан ўтганидан кейин бу боланинг онаси шаллақиликда жудаям ҳаддидан ошган, ҳеч қайси ўқитувчи у билан муроса қилолмади, гапга тушунмайди, – деди директор. – Қара-чи, шароитни кўр, эҳтиёт бўласан энди. 

Сиртқи бўлим талабаси синф раҳбарлигининг ўзи бўлмаслигини сал ўтиб тушунди. Айниқса, ҳалиги бола... Ҳар куни истаган кийимда келади мактабга, энг қизиғи, папкаси бор-у дарс вақтида ҳеч нарса, партасида дафтари ҳам кўринмайди. Кир-чир ручкасини тиши орасига қистириб, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олади.

Тарбиявий соат вақтидаям шундай бўлди. Бутун дарс давомида шу болани зимдан кузатиб турган синф раҳбари дарс туганидан кейин олиб қолди уни. Охирги соат эмасми, болалар гурра қўзғалиб уй-уйига югурди.

– Бунақада бўлмайди, мактабга келишингдан ҳеч бир маъни йўқ-ку, келмай қўя қолсанг-чи, а, Ориф?

– Сиз бундай гапларни айтмай, ишингизни қилишингиз керак?

– Нега ундай қиларканман?

– Давлат шунинг учун сизга ойлик беради-ку, муаллим.

– Сен ҳам айнан шунинг учун ўқишинг, катта одам бўлишинг керак, бўлмаса...

– Ўқимасам нима қиласиз, урасизми?

– Аслида урсам ҳам сенга зиён эмас, фойда бўлади.

– Ҳеч ҳам ундай бўлмайди, калтак еса фойда кўрадими одам? 

– Менга қара, агар сени жуда қаттиқ бўлмасаям, бундайроқ қип... мабодо урсам, шундан кейин яхши ўқиб кетсанг-чи...

– Уриб кўринг-чи, онам кунингизни кўрсатади. Бир чертиб кўринг, онамга бориб, мени дўппослади, дейман.

– Ростдан шундай дейсанми?

– Чин сўзим, мен ёлғон гапирмайман.

– Ҳозир ростдан сени чертаман, қулоғингга чертаман... Ўғил бола икки гап бўлмайди – аниқ бориб онангга айтасан. Ўзинг билганингдай қилиб айтасан. Эртага онанг келсин – гаплашаман.

– Чертиб кўринг-чи, бугун ҳам келиши мумкин!

– Мен ҳозир туманга кетаман, келгани билан мен бўлмайман мактабда. Онангга менинг дўппослаганимни айтганингдан кейин шуниям айт – эртага биринчи соатдан кейинги танаффусда келсин.

Ростдан ҳам шундай бўлди: синф раҳбари бу ўқувчининг қулоғига бир чертиши билан бола “вой-вой”лаб мактабнинг мўъжаз коридорини бошига кўтариб уйига чопди...

Бўладиган иш бўлди. Сиртқи бўлим талабаси – синф раҳбари юрак ҳовучлаб эртанги кунни кутишига тўғри келди – ҳаммаси таваккал эди бунда... бошқа иложи йўқ эди унинг. Болани одам қилиш унинг чекига тушганди. Синф раҳбари шуни тушуниб турарди, “чекингга тушса чекчайма”, дейишади қишлоқда, буниям билади. 

Хуллас, эртасига...

Фахриддин СОДИҚ.

ЎзА
6 970