ЎзА Ўзбек

08.04.2018 11:30 Чоп этиш версияси

Бугун умумтаълим мактабларида ўқувчиларга мусиқий таълим бериш қай даражада?

Ўғил-қизларимизнинг мусиқа санъатига муносабати қандай, умумтаълим мактабларида ўқувчиларга мусиқий таълим бериш қай даражада, болалар қўшиқчилиги ривожига дахлдор долзарб масалалар нималардан иборат?

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси марказий кенгаши томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда айни масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисидаги қарори ижросига бағишлаб ўтказилган "Болалар қўшиқчилиги: бугунги ҳолати ва истиқболлари" мавзуидаги очиқ мулоқотга партия аъзолари, унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси вакиллари, тегишли вазирликлар, ижодий бирлашмалар, уюшмалар, мусиқага оид олий, ўрта махсус таълим масканларининг мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгаши раиси С.Отамуродов, Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси раиси Р.Абдуллаев, Бадиий жамоалари ижодий бирлашмасининг "Булбулча" болалар ашула ва рақс ансамбли раҳбари Ш.Ёрматов, Ўзбекистон давлат консерваториясининг "Оркестр дирижёрлиги" кафедраси профессори Ф.Абдураҳимова ва бошқалар юртимизда маданият ва санъат соҳасига кўрсатилаётган эътибор ижодкорлар, педагогларнинг ўз зиммасидаги масъулиятни, ижтимоий бурчини теран ҳис этишга ундаётганини таъкидлади.

Партия вакиллари томонидан мактабгача таълим даргоҳлари, умумтаълим мактабларидаги мусиқий таълимнинг сифати, болалар қўшиқчилигининг бугунги ҳолати атрофлича ўрганилди. Таҳлиллар натижасида, 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг аксарияти болалар мусиқий таълими дастуридан ўрин олмаган қўшиқларни, жумладан, хорижий эстрада хонандаларининг қўшиқларини куйлаётгани маълум бўлди. Боғчаларда турли байрам дастурларида рэп, поп йўналишидаги ва паст савиядаги "қўшиқлар"дан фойдаланилаётгани кўзга ташланмоқда.

Умумтаълим мактабларидаги ўқувчиларнинг мусиқа маданияти фани ҳақидаги мулоҳазалари ҳамда 1-, 4-, 6-, 7-синфларга мўлжалланган 2017-2018 ўқув йиллари учун календарь-мавзу режаси ўрганилганда, мусиқа дарсларида мусиқа тинглаш, жамоа бўлиб куйлаш, мусиқа саводи бўйича машғулотлар ўтилиши, ўзбек болалар қўшиқчилигининг ҳамда жаҳон мусиқасининг энг сара намуналари, мусиқали ўйинлар ўрин олганига гувоҳ бўлинди.

Бироқ кўпинча дарс соатларининг номутахассис ўқитувчилар томонидан ўтилиши, уларнинг аксарияти бирорта соз чалиш малакасига эга эмаслиги, айри ҳолларда дарслар шунчаки шеър ёдлаш ёки таълим мазмунига номувофиқ бўлган қўшиқларни турли ахборот ташувчи қурилмалар ёрдамида эшиттириш орқали ўтилиши аниқланди. Аксарият умумтаълим мактабларида фортепиано бўлса-да, у жуда яроқсиз ва носоз аҳволда. Ўқув дастурида ўзбек халқ мусиқа чолғулари ҳақида маълумот бўлса-да, миллий чолғулар тақчиллиги кузатилмоқда.

Мулоқот давомида болалар қўшиқларининг телевидение орқали тарғиботи бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг эфир сеткаси ўрганилгани, "Булбулча" болалар ашула ва рақс ансамблининг бугунги ҳолати ва фаолияти, мусиқа таълими сифатини таъминлашда Низомий номидаги Тошкент педагогика университети тадқиқотчи-изланувчиларининг қатор ўрганишлари таҳлил этилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, "Баркамол авлод" марказларида мусиқага оид билимларни бойитиш бўйича етарли шароитлар яратилгани ҳолда умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа таълимини янада такомиллаштириш давр талабига айлангани қайд этилди.
– Мусиқа таълимини ривожлантиришда ўғил-қизларнинг фикри, дунёқараши, уларнинг ўз қарашларидан келиб чиқиб ёндошилса, кўпроқ мақсадга мувофиқ бўлур эди, – дейди В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи директори Дилдора Жамолова. – Лицейимизда республика ва халқаро танловларнинг совриндорлари ва иштирокчилари билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг учрашувлари, кичкинтойлар учун концертлар, "Болажонлар - болаларга!" мусиқий хайрия акциялари, "Юртим, сенга жоним фидо!" каби маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилади. Бу тадбирлар умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларга мусиқа санъатининг энг сара намуналарини тақдим этишни кўзлаши билан аҳамиятлидир.

Очиқ мулоқот давомида болалар қўшиқчилигини, вокал-хор таълимини ривожлантириш, мусиқа ўқитувчиларини тайёрловчи олий ўқув юртлари ҳамда мусиқа мактабларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш ва бошқа мавзуга оид масалалар юзасидан Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг амалий таклифлари ишлаб чиқилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
8 495