ЎзА Ўзбек

24.04.2018 11:51 Чоп этиш версияси

Бу йил 55 нафар мутахассис Хитойга боради

«Бир макон -бир йўл» лойиҳаси доирасида ипакчилик соҳасини ривожлантириш, Ўзбек-Хитой ҳамкорлигини тўғридан-тўғри йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақида “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг Хитой фанлар академиясининг профессорлари иштирокида ўтказган очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Хитойлик профессорлар билан ипакчилик соҳасида агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш, ипак қуртининг янги зот ва дурагайларини яратиш, барг сифати юқори бўлган тут навларини кўпайтириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шу боис очиқ мулоқотда хорижлик олимларнинг бу борадаги ютуқлари, тут баргининг парвона ва ипак қуртининг сариқ касаллигига қарши кураш борасидаги янгиликлари ҳақида сўз борди. 

- Биз бир ҳафта давомида Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида бўлдик,-дейди Хитой фанлар академиясининг профессори Лу Хинг Менг.- Ипак қуртининг касалликлари , профилактикаси ва агрохимик заҳарланиши ҳақидаги билимларимни тизим вакилларига ҳам сўзлаб бердим. Вилоятлардаги тутзорлар анча эскирган экан. Бу дарахтларни янги, навдорлари билан алмаштирилса, озуқа муаммоси бўлмайди. Ана шунда йилига уч-тўрт марта пилла етиштириш мумкин бўлади. 

Очиқ мулоқотда келгусида Хитой-Ўзбекистон ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни илм-фан ва ишлаб чиқариш йўналишида ҳам кенгайтириш борасида келишиб олинди. Бунда эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 мартдаги қарорига асосан Ипакчилик илмий-тадқиқот институти “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига ўтказилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Соҳани инновацион ривожлантириш борасидаги илмий-тадқиқотлар ҳисобига уюшма таркибидаги корхоналарда ипак қурти ғумбагидан ёғ, тут баргидан чой, қимматбаҳо доривор ва фармакологик воситалар, косметология йўналишидаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. 

Ҳамкорлик ҳақида сўз борганда таъкидлаш жоизки, 2017 йил июль ойида уюшма тизимида фаолият юритаётган 29 нафар мутахассис Хитойнинг Цзянсу ва Шандон провинцияларида зотли ипак қурти уруғи етиштириш, ипак қуртини парваришлаш технологияси, сифатли пилла ишлаб чиқариш йўналишларида малака оширди. Ҳозирда улар жойларда илғор хорижий агротехнологиялар бўйича ипак қурти боқиш юзасидан семинарлар ўтказмоқда. Жорий йилда яна 55 та мутахассисни малака ошириш мақсадида Хитойга юборилиши кутилмоқда.

Сайёра Шоева, ЎзА
6 545