ЎзА Ўзбек

12.09.2018 18:26 Чоп этиш версияси

Бу йўлга қайта кирманг!

Бу йўлга қайта кирманг! Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий маркази экспертлари томонидан аҳоли билан учрашувлар ўтказилди.

Булунғур туманидаги “Хўжамазгил” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган шундай тадбирда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси раиси ўринбосари О.Нарзуллаев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ва бошқалар бугунги кунда дунё миқёсида гиёҳвандликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Наркотик моддалар етиштириш ва истеъмол қилиш, олди-сотдиси билан шуғулланиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари, бу иллатнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитга, тинчлик-осойишталикка салбий таъсири ҳақида аниқ фактлар асосида сўз юритилди.

Учрашув якунида гиёҳвандликнинг миллионлаб кишиларнинг наслини майиб-мажруҳ этаётгани, умрига зомин бўлаётгани ҳақида ҳикоя қилувчи “Интиҳо ёхуд йўқликка қараб” номли видеофильм намойиш этилди.

Шунингдек, тадбир ташкилотчилари Фармонтепа қишлоғида яшовчи, илгари гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан фуқароларнинг хонадонига бориб, уларнинг ҳаёт тарзи, оилавий шароитини ўрганди. Бу фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
2 286