ЎзА Ўзбек

16.05.2019 12:41 Чоп этиш версияси

Браконьерлар юртимиз табиатига 281,5 миллион сўмлик зарар етказган

Браконьерлар юртимиз табиатига 281,5 миллион сўмлик зарар етказган

Балиқ овлашнинг ўзига яраша қоидалари ва вақти бор. Лекин айрим фуқаролар белгиланган меъёрларга амал қилмаётгани кузатилмоқда. 

Ангрен дарёсининг Оҳангарон тумани Қайирма қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида фуқаролар В.Б. ва бошқалар тақиқланган ов қуроли ҳисобланган электр қармоқ билан балиқ овлаётгани аниқланган. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг Оҳангарон тумани бўлими ходимлари томонидан ушбу ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказилган ва бу ўз тасдиғини топган. Улардан “SEAHAWK II” номли қайиқ, электр қармоқ, аккумулятор ва 6942 дона овланган балиқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг далолатномасига асосан балиқларнинг ноқонуний овланиши натижасида ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсига 281,5 миллион сўмлик, яъни жуда кўп миқдордаги зарар етказилган. 

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан В.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

ЎзА
2 058