Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.09.2017 18:48 Чоп этиш версияси

Божхона хизмати вакиллари билан очиқ мулоқот

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳа вакилларига қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, жумладан, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор соҳанинг изчил ривожланишига кенг йўл очаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 25 майдаги “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатбардошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда соғлом савдо муҳитини шакллантириш, мавжуд инвестицион муҳитни янада яхшилаш мақсадида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига қатор қулайликлар йўлга қўйилган. Жумладан, Давлат божхона қўмитаси томонидан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри” электрон шаклда юритилмоқда ва ушбу реестр қўмита веб-сайтининг очиқ маълумотлар бўлимига мунтазам жойлаштириб борилмоқда. Бугунга кунга қадар мазкур реестрга 93 товар белгиси киритилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб унификациялаштирилган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими амалиётга жорий қилинди. Мазкур тизим орқали тадбиркор молиявий харажатларни тежаш, бюрократик омиллардан халос бўлиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишга янада камроқ вақт сарфлаш, мантиқий назорат функциялари кўмагида турли хато ва камчиликлардан холи бўлиш каби қулайликларга эга бўлади. Шунингдек, “Ягона дарча” ахборот тизими тадбиркорлик субъектларига рухсатнома ҳужжатларининг тартиб-қоидалардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини беради.

Очиқ мулоқотда соҳа мутахассислари экспорт-импорт масалаларига оид маълумотларга тўхталди. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият постлари томонидан жами 491,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги саноат товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,4 фоизга ошган. Жорий йил бошидан буён Тошкент шаҳри бўйича жами 839 тадбиркорлик субъекти товарлар экспорти фаолиятини йўлга қўйган. Уларнинг сони 2016 йилнинг шу даври ҳолати билан солиштирилганда 36,4 фоизга кўпайган.

Тадбирда божхона органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Мазкур иллатга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик принципини таъминлаш, ҳар бир жиноий ҳаракат ва ҳаракатсизлик учун жазонинг муқаррарлиги тушунтирилди.

Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар божхона қўмитасининг customs.uz сайтига кириб, ўз фаолияти бўйича ҳуқуқий маданиятини ошириши ва соҳадаги янгиликлардан бохабар бўлиб бориши, божхона органи ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Ишонч телефони” – 120-76-71 рақамига қўнғироқ қилиши мумкинлиги айтилди.

Иштирокчилар саволларига жавоб олди.

Даврон Суннатов, ЎзА
1 861






Все о погоде - Pogoda.uz