Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.05.2018 12:36 Чоп этиш версияси

Бош прокурор селдан жабрланган оилаларга ёрдам кўрсатди

Бош прокурор селдан жабрланган оилаларга ёрдам кўрсатди
Бош прокурор О.Муродов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган долзарб аҳамиятдаги вазифалар ижроси Сурхондарё вилоятида ўрганилди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларини ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар масъул идоралар вакиллари ва экспортёрлар иштирокида муҳокама қилинди ҳамда жорий йил 1-ярми экспорт прогнози режасини кафолатли таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда 50 дан ортиқ экспортёрлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Ташриф давомида Термиз давлат университетида вилоятдаги 6 та олий ўқув юртлари раҳбарлари билан учрашув ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 май кунги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросининг ташкил этилиши билан танишилди ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Вилоятнинг Шеробод тумани “Оила” марказида хотин-қизлар қўмиталари, “Оила” марказлари раҳбарлари билан учрашилиб, устувор вазифалар муҳокама этилди.
Бундан ташқари, вилоятнинг Қумқўрғон туманида селдан талафот кўрган “Элобод”, “Азларсой” ва “Боғор” қишлоқлари жойида ўрганилди.

Ҳозирда вилоят прокурорлари билан биргаликда селдан жабрланганларга моддий ёрдам бериш, сел оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Ўрганиш давомида, селдан жабрланган оилаларга биринчи навбатда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим, кўрпа-тўшаклар, хўжалик моллари етказиб берилди. Ҳозирда бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонасида муаммолари узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмаётган 30 нафардан ортиқ фуқаролар Бош прокурор томонидан қабул қилинди.

Фуқаролар асосан суд ва тергов ишлари, иш ҳақи ва ишга жойлаштириш, даволаниш, уй-жой ва тадбиркорлик масаласида мурожаат қилдилар.
Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ҳал этилди, қолган мурожаатлар назоратга олинди.

Бундан ташқари, ижтимоий соҳа объектлари, фермер хўжаликларида учрашувлар ўтказилиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилди.

ЎзА
3 427