ЎзА Ўзбек

15.05.2019 21:33 Чоп этиш версияси

Бош прокуратура уйини АҚШ долларида сотаётган фуқаролар ушлангани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Бош прокуратура уйини АҚШ долларида сотаётган фуқаролар ушлангани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Бош прокуратура матбуот хизмати уй савдоси вақтида фуқаролар Р.Т. ҳамда Н.Л.нинг қўлга олиниши ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.

“Бош прокуратура ҳузуридаги Департаменти томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда гўёки 2 хонали уйни 25 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтда фуқаролар Р.Т. ҳамда Н.Л.ларнинг ушлангани тўғрисида ОАВларда берилган хабарлар юзасидан расман маълум қиламизки, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан бундай тадбир ўтказилмаган ва ўз-ўзидан фуқаролар Р.Т. ҳамда Н.Л.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177 ва 189-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилмаган.

Шунга кўра, жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтиришни қатъий сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ баъзи ОАВда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 2 хонали уйни 25 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган фуқаролар қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

ЎзА
7 131