Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 14:20 Чоп этиш версияси

Бош қомусимиз – бахтимиз пойдевори

Бош қомусимиз – бахтимиз пойдевори Фарғона ҳуқуқшунослик коллежи 2-босқич ўқувчиси Асилбек Абдуҳамидов билимдонлиги ва зукколиги билан тенгдошлари орасида ажралиб туради. Шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказиладиган турли кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келаётган Асилбек ўзининг муваффақиятларини Бош қомусимизда белгилаб берилган кафолатлар самараси, деб билади.

8.JPG

– Барча тенгдошларим қатори менинг ҳаётимда ҳам Конституциянинг ўрни катта, – дейди А.Абдуҳамидов. – Билим олиш, спорт билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганиш, ишлаш, дам олиш ва даволаниш, чет элларга чиқиш имкониятим Конституциямизда кафолатланган. Мустақил Ўзбекистон фарзанди сифатида орзуларимга етишиш йўлидаги барча эшиклар мен учун очиқ эканини биламан ва бундан ғурурланаман. Келгусида танлаган соҳамда сидқидилдан хизмат қилишга, юртимизнинг янада равнақ топишига ўз ҳиссамни қўшаман.

Ёш авлодни ҳар томонлама етук, ўз билими ва қобилияти билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган инсонлар этиб тарбиялаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир.

Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан 25 йил муқаддам қабул қилинган Асосий қонунимиз барча соҳалар қатори таълим тизимини ҳам сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Биринчи Президентимизнинг 2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишига асосан аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ўз ҳуқуқидан фойдаланиш кўникмасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётир.

Фарғона ҳуқуқшунослик коллежида ёшларнинг замонавий билим олиши учун барча шароит яратилган. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси”, “Конституциявий ҳуқуқ” каби бир қатор фанлар ўқувчиларнинг Асосий қонунимизни билиш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни қонунларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

5.JPG

– Бош қомусимиз ҳаёт йўлимизни ёритиб турувчи маёқдир, – дейди коллеж директори Раъно Бойқўзиева. – Коллежимизда барча дарслар Конституциямиз моддалари таҳлили билан бошланади. Бу Конституцияга оид билимларнинг ўқувчилар онги ва қалбига янада чуқур сингдирилишига асос бўлади. Муассасамизда кўплаб кўрик-танловлар ўтказилиши, Конституциямизни ўрганишга бағишланган очиқ дарслар, турли тадбирлар ташкил этилиши ўқувчиларнинг билим ва истеъдодини синовдан ўтказади.

Ўтган йили коллежда таълим олаётган билимдон ўқувчилардан иборат “Конституциямизни ўрганамиз” тарғибот гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳ аъзолари аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятни ошириш, Конституцияга оид билимини бойитиш мақсадини кўзлаган тарғибот гуруҳи умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, бахтимиз, осойишта ҳаётимиз асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳиятини тарғиб қилади, Конституциямизда белгилаб берилган ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлар ҳақида атрофлича тушунча беради, моддаларни биргаликда таҳлил этади.

7.jpg

– Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир, – дейди коллежнинг 1-босқич ўқувчиси Фарангиз Раҳимова. – Бизнинг таълим олишимиз ҳам Бош қомусимизда белгилаб қўйилган. Устозларимиз дарсни имкон қадар қизиқ ва содда тарзда олиб боради. Биз ўтилган мавзуларни яхши ўзлаштириш, берилган топшириқларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қиламиз. Ахборот-ресурс маркази фаолияти самарали йўлга қўйилган. Бўш вақтимизда ўтилган мавзуларни такрорлаш, мустаҳкамлашда ёки бадиий асарлар мутолаасида бу ердаги адабиётлар бизнинг энг яқин кўмакчимиздир.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
5 614