Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Болаларни зарарли ахборотдан асраш зарур

Самарқандда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарур етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 августдаги “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони, шунингдек, 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари иштирок этган тадбирда мазкур қонуннинг мақсад ва вазифалари, ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг ахборотларни ёшга оид таснифлаш, экспертизадан ўтказиш, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар ваколати ҳақида атрофлича маълумот берилди.

– “Болаларни уларнинг соғлиғига зарур етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, деб белгиланди, – дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров. – Шу билан бирга, қонуннинг 25-моддасида агентлигимиз, адлия ва бошқа манфаатдор ташкилотларга унинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Ушбу давра суҳбати ана шу вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан ўтказган учрашувида баён этилган фикрлар, билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида қабул қилинган юқоридаги фармон ва қарорлари матбуот ва ахборот соҳасидаги бошқарувни такомиллаштириш, китоб маҳсулотлари нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, халқимиз китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросида оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа корхоналари олдида турган вазифалар хусусида сўз юритилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
1 726






Все о погоде - Pogoda.uz