ЎзА Ўзбек

10.07.2018 22:47 Чоп этиш версияси

Болаларни миграция оқибатларидан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланди

Болаларни миграция оқибатларидан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланди Тошкентда "Жануби-шарқий, Жанубий ва Марказий Осиёда миграциянинг зарарли оқибатларидан болаларни ҳимоя қилиш" халқаро лойиҳасининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар гуруҳи иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари С.Грауман ва бошқалар Ўзбекистонда болаларни миграция оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлаган ҳолда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини юксак баҳолади.

Мамлакатимизда меҳнат миграциясининг оила ва болаларга таъсирини ўрганиш орқали болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миграциянинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган манзилли ишлар олиб борилмоқда. Ноқонуний миграцияга қарши курашишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қатор лойиҳалар мигрант оилаларнинг фарзандларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

11.JPG

Тадбирда мамлакатимизда болаларга васийлик қилишнинг умумқамровли стратегиясини ишлаб чиқиш, оила типидаги муқобил васийлик тизимини янада ривожлантириш, болалар ва ёшлар ишлари бўйича омбудсман лавозимини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

photo5345805520155551991.jpg

Анжуман доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда болаларни миграция таъсиридан асрашга қаратилган лойиҳанинг ишга туширилгани маълум қилинди. Унга кўра, 2018-2020 йилларда Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида миграциянинг салбий оқибатларига дуч келган оилалар ва болаларга ижтимоий-маънавий кўмак кўрсатилади. Чет элга ишлашга кетган оилалар ва уларнинг фарзандлари эҳтиёжини аниқлашга йўналтирилган тадқиқотлар ўтказилади.

– Бугунги кунда миграция муаммоси глобал характерга эга, – деди Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Эдуардс Стипрайс. – Бу ҳолат кўпроқ болалар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Европа Иттифоқи ҳам "Жануби-шарқий, Жанубий ва Марказий Осиёда миграциянинг зарарли оқибатларидан болаларни ҳимоя қилиш" лойиҳасида иштирок этмоқда. Бу жараёнда минтақа мамлакатларида бу каби муаммоларни юзага келтираётган сабаблар ўрганилиб, унинг ечими бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда "Болалар ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенциянинг бажарилишини ташкил этиш масалалари бўйича Идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар дастури асосида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Малоҳат Ҳусанова, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА
7 310