ЎзА Ўзбек

19.02.2018 14:28 Чоп этиш версияси

Болалар соғломлаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 13 нафар бемор бола ГФР клиникаларида даволаниб, юртимизга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида уларни ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари кутиб олди.

2002 йилдан буён "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳа доирасида 12 ёшгача бўлган бемор болалар соғломлаштирилиб, реабилитация қилинди. Жумладан, ўтган вақт давомида тери куйиши асорати, туғма қўл-оёқ бўғимлари камчиликлари ва бошқа касалликлар билан хасталанган 338 нафар бола Германияда даволанди.

– Набирам Шоҳжаҳон бир йил олдин “Соғлом авлод учун” фонди кўмаги билан даволаниш учун Германияга кетганди, – дейди хоразмлик Зумрад Маҳмудова. – Қайноқ сув тўкилиши оқибатида танасининг кўп қисми куйиб, оёқлари ишдан чиққан эди. Бугун набирам соғ-омон, тузалиб бағримга қайтганидан чексиз ҳурсанд бўлдим.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳар 34-мактаб-интернати тарбияланувчиси Камилла Гарпиянч ҳам бахтсиз тасодиф туфайли куйиб қолган. У Германияда олти ой даволанди. Жароҳат олган жойлари пластик операция қилинди.

Ўғил-қизларни кутиб олган шифокорлар, “Соғлом авлод учун” халқаро хайри фонди мутахассиcлари ота-оналарга келгусида фарзандлар саломатлигини назорат қилиш ва болаларни парваришлаш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
8 397