ЎзА Ўзбек

07.03.2018 08:35 Чоп этиш версияси

Болалар болаларга

Кучли ижтимоий сиёсат мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада давлат муассасаларидан ташқари жамоат ташкилотлари, хусусий компаниялар, тадбиркорлар ҳам самарали фаолият юритмоқда.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани 208-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман кенгаши билан ҳамкорликда бундай хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилди. Таълим муассасасида кўнгиллилар гуруҳи ташкил этилди. Яқинда ўқувчилар онкология касалхонасидаги бемор болалар ҳолидан хабар олиб келган эди. Энди Яшнобод туманидаги 30-сонли “Меҳрибонлик уйи”да навбатдаги хайрия акцияси ташкил этилди.

Ўқувчилар муассаса тарбияланувчиларига турли ўйинчоқ ва ўқув жиҳозларини совға қилди. Қизиқарли викторина ва танловлар тарбияланувчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

– Хайрли ишга қўл урганимиздан мамнунмиз, – деди 208-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ойбек Беркинов. – Алоҳида ғамхўрлик ва эътиборга муҳтож болаларга байрам кайфияти улашдик. Шундай учрашувлардан ҳаётга, муаммоларимизга бошқача назар билан қараймиз. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, маданият, санъат, адабиёт, спорт соҳаларидаги ютуқлар халқимиз эзгу интилишларининг амалий ифодасидир.

Акция иштирокчилари “Меҳрибонлик уйи”да болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва яратилган шароит билан танишди.

Ирина Доленко, ЎзА
8 044