Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2018 19:14 Чоп этиш версияси

Болалар анестезиологияси, реанимацияси ва интенсив терапия хизматининг бугунги ҳолати ва истиқболи

Пойтахтимизда болалар анестезиологияси, реанимацияси ва интенсив терапия хизматининг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари ва шифокорлар билан бирга Швейцария, Франция, Литва, Қозоғистондан келган мутахассислар иштирок этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда жамият ҳаётида рўй бераётган муҳим янгиланишлар турли соҳалар каби тиббиёт ривожини ҳам янги босқичга кўтармоқда. Кейинги 2-3 йил ичида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид қатор Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани, соҳанинг ҳуқуқий, ташкилий асослари тубдан такомиллашаётгани инсон саломатлигини асраш, аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўриш кўрсаткичини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоялаш, оилада соғлом фарзандлар туғилиши ва камолга етишини таъминлаш устувор мақсад этиб белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 ноябрда қабул қилинган “2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу борада муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йилларда кўплаб тиббиёт муассасалари, жумладан, вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, оилавий поликлиникалар, минтақавий перинатал марказлар, болалар кардиожарроҳлик бўлимлари, неонатал ва эндовизуал педиатрия жарроҳлик марказлари реконструкция қилинди.

Қисқа муддатда ушбу тиббиёт муассасаларидаги болалар анестезиологияси, реаниматологияси ва интенсив терапияси бўлимлари замонавий, юқори технологияли, наркоз ва нафас олиш ускуналари, ноинвазив мониторинг ва экспресс лабораториялар билан жиҳозланди. Буларнинг барчаси болалар анестезиологияси, реанимация ва интенсив терапия хизматларини янада такомиллаштиришга ёрдам бермоқда.

Болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларини бартараф этиш замонавий тиббиётнинг долзарб муаммосидир. Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг юксак тиббий технологиялар билан жиҳозланган кардиожарроҳлик марказида яратилган замонавий шароитлар бундай хасталикка чалинган болаларга кардиожарроҳлик ёрдамини ташкил этишда муҳим омил бўлмоқда. Марказ очилганидан буён янги туғилган чақалоқларда юрак нуқсонларининг мураккаб шаклларида 100дан ортиқ операциялар ўтказилди, операция вақтида энг кичик ёшли бемор — 9 кунлик чақалоқ бўлган. Муҳими, операциядан кейин касаллик бутунлай бартараф этилиб, болалар саломатлиги тўлиқ тикланмоқда. Бугунги кунда бундай операциялар нафақат Тошкентда, балки, Андижон, Наманган ва Хоразмдаги шифо муассасаларида ҳам амалга оширилаётгани болаларда учрайдиган бундай хасталикларни барвақт аниқлаш ва беморларни ўз вақтида соғломлаштиришга хизмат қилмоқда.

Болаларга кўрсатилаётган ана шундай замонавий тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришда соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда мамлакатимиздаги тиббий олий ўқув юртларида ҳар йили 50дан ортиқ болалар анестезиологи ва реаниматологлари тайёрланмоқда. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ва республикамиздаги тиббий олий таълим муассасаларида ҳар йили 200дан ортиқ болалар анестезиолог-реаниматологлари малакаси оширилади ва қайта тайёрлашдан ўтади.

– Шошилинч вазиятларда ва касалликлар хуружида болалар саломатлигини асрашда анестезиология ва реанимация хизматининг ўрни ниҳоятда юқоридир, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти болалар анестезиологияси, реанимацияси ва интенсив терапия кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Сотволдиева Элмира. — Ҳозирги кунда йирик шаҳарлар ва марказий туманларда бу борадаги тиббий ёрдам сифати юқори даражада бўлса-да, чекка ҳудудларда ва қишлоқ жойларда бу соҳада муаммолар борлиги сир эмас. Тиббий ислоҳотларнинг бугунги босқичида бундай долзарб муаммоларни бартараф этиш, аҳолига, айниқса, болаларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, жаҳон тиббиётининг илғор усулларини ўзлаштириш, тиббиёт муасссасаларининг моддий-техника салоҳиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган узлуксиз ишлар тиббиётимиз ривожини янги босқичга кўтаради.

Анжуманда ана шу йўналишдаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда фан ва амалиёт ҳамкорлигини ривожлантириш, болалар анестезиологияси, реанимацияси ва интенсив терапияси хизматини такомиллаштириш, Ўзбекистон ва жаҳон тиббиётининг бу йўналишлари янгиликларини оммалаштиришга оид маърузалар тингланди. Тадбир доирасида реанимацияда стандартлар ва клиник протоколлар мавзуида маҳорат дарслари ташкил этилди.

ЎзА
3 203