ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Бокс бўйича жаҳон чемпионлари ҳам партия аъзосига айланди

Бокс бўйича жаҳон чемпионлари ҳам партия аъзосига айланди

Бугун Олимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида “Юртимиз ифтихорлари” мавзусида тадбир ўтказилиб, жаҳон чемпионлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ЎзМТДП етакчиси Алишер Қодиров сўзга чиқиб, партия бу тадбирни ўтказишни ҳали жаҳон чемпионати бошланмасдан олдин режалаштирганини маълум қилди.

— Чунки биз спортчиларимизнинг биринчи ўринни олиб, халқимиз бошини янада баланд кўтаришига ишонган эдик ва шундай ҳам бўлди, — деди партия етакчиси. — Ҳар биримиз, айниқса, ёшларимиз Ватанни севишни, ардоқлашни боксчиларимиздан ўрганиши лозим. Сабаби, уларнинг билаги енгилмас кучга тўлиб-тошган бўлса, юраги ўз халқи, ўз ватанига бўлган меҳр, ғурур, миллий ифтихор туйғулари билан тўлган. Шунинг учун ҳам улар доимо халқаро мусобақаларда энг юқори ўринни эгаллаб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариб қайтмоқда. Яна шуни мамнуният билан таъкидлашим лозимки, Ўзбекистон бокс федерацияси ҳамда жаҳон чемпионати ғолиблари бир овоздан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сафига қўшилишга рози бўлди. Энди кучларимиз янада бирлашади ва биз ҳар қандай тўсиқларни биргаликда енгиб, ғалаба сари янада илдам қадам босамиз.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам сўзга чиқиб, халқимиз муҳим сиёсий тадбир — сайлов арафасида турганини, партияга аъзо бўлишда бежиз ЎзМТДП танламаганини таъкидлаб, бу партияга қабул қилганидан мамнуният изҳор қилди.

— Чунки мақсадларимиз муштарак, — деди вазир Д.Набиев. — Халқимиз, ёшларимизни шу юртга, шу мамлакатга бўлган меҳрини ошириш, миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, тарихимизни улуғлаш, халқимизни ўтаётган ҳар бир кунидан рози қилиб, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш, нуфузини янада оширишдир. Айниқса, бунда спортнинг ўрни беқиёс.

Тадбирда жаҳон чемпионлари ва бокс федерацияси раҳбарлари навбати билан даврага таклиф қилиниб, аъзолик гувоҳномаси топширилди. Зарбоп тўн кийдирилиб, партия кўкрак нишони тақилди. Эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Учрашувда чемпионлар ҳам сўзга чиқиб, ЎзМТДП сафига кирганидан хурсандлигини ва рингда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилгани каби, энди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мавқеини янада ошириш, партия ғояларини кенг тарғиб қилишдан чарчамаслигини таъкидлади.

Тадбир якунида ЎзМТДП вакиллари ва чемпионлари “Бирмиз! Қўлни-қўлга берамиз” дея эсталик учун расмга тушди.

photo5257980225000680276.jpg

photo5257980225000680277.jpg

photo5260688455283878808.jpg

4 147
ЎзА