Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 14:11 Чоп этиш версияси

Боболар ҳавас қилар набираларга

Боболар ҳавас қилар набираларга
Жиззах вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди.

Халқимиз турмуш тарзига чуқур сингиб бораётган ушбу анъанавий маросим иштирокчилари орасида кейинги пайтда кекса авлод вакиллари – бўлажак аскарларнинг боболари ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Бугунги миллий армиямиздаги ўзгаришларга ҳарбий хизматни собиқ тузум даврида ўтаган кекса авлод вакиллари ўзгача назар, ҳавас билан қарайди.

1 (1).JPG

Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этган маросимда бўлажак аскарларнинг ота-оналари қатори Зомин туманининг Ём қишлоғидан набираси Боймир Қаршибоевни кузатишга келган 63 ёшли отахон Мирзааҳмад Қаршибоев бугун ҳарбий хизмат нима сабабдан барчада ҳавас уйғотишини соддагина қилиб айтиб берди.

– Бундан 43 йил бурун ҳарбий хизматни узоқда, совуқ юртларда қурилиш батальонида ўтаганман, – дейди отахон. – У пайтлар бизнинг юртимиздан чақирилганлар жанговар қўшинлар сафида эмас, кўпроқ қурилиш қисмларида хизмат қилгани учун аскарлик оддий мажбуриятдан бошқа нарса эмас эди. Бугун эса ҳарбий хизмат чинакам ғурур-ифтихорга айланди. Бу йигитларимиз замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғ билан таъминланган, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётгани туфайлидир. Улар сафида набирамни ҳам кўриш насиб этганига шукр қиламан.

– Хизматга Урганчдаги "Темурбеклар мактаби"ни битириб бораяпман, – дейди бобонинг набираси Боймир Қаршибоев. – Президентимиз, халқимизнинг биз, ёшларга билдирган юксак ишончига жавобан, ҳарбий хизматчи, офицер бўлишга аҳд қилдим. Муддатли хизматни ўтаб бўлгач, ҳарбий олий ўқув юртига, ундан сўнг ҳарбий академияда ўқимоқчиман.

Бугун хизматга жўнаётган йигитлар қалбида шундай шижоат, қатъият жўш уриб тургани уларнинг мамнун юзларида, чақнаган кўзларида акс этади. Бу миллий армиямизда хизмат қилиш ёшлар учун қалб амрига айланганидан далолат.

Бўлажак аскарларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Тошқул Бекназаров,Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
8 522