ЎзА Ўзбек

07.03.2018 12:02 Чоп этиш версияси

Боғларда дилбар фасл нафосати

Фарғона вилоятидаги қишлоқ ва маҳаллалар ҳудудини кўкаламзорлаштириш, янги боғлар барпо этиш мақсадида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.

Кўчат экиб, боғ яратиш, теварак атрофни кўкаламзорлаштириб, гулзорлар барпо этиш, хонадону ҳовлини тоза, озода ва чиройли тутиш халқимизга хос фазилатлардандир. Зеро, тинч-осойишта маҳаллада, тоза-озода хонадонда ҳамиша файз-барака бўлади. Наврўз байрами арафасида бу эзгу амаллар янада кенг қулоч ёзмоқда. Қуёш ажиб жилва қилиб, меҳнатдан роҳатланадиган элимизни далаларга, боғларга чорлайди. Ҳар ёнда меҳнат завқи – ҳамюртларимиз эртанги кунга умид билан яна ерга уруғ қадайди, ниҳол экади, анвойи гулзорлар барпо этади.

Қува туманидаги академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Фарғона илмий-тажриба станцияси бош агрономи Хайрулло Алиевнинг маълум қилишича, жорий йилда 123 минг туп олма, қарийб 11 минг туп беҳи, 1 минг 500 туп ўрик, 2 минг 400 туп шафтоли, 3 минг 800 туп олхўри, 11 минг тупдан зиёд гилос, 2 минг туп бодом ҳамда 108 минг туп хўраки навли узум кўчатларини етказиб бериш кўзда тутилган. Шу мақсадда вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа эгалари билан шартномалар имзоланган.

Айни пайтда илмий-тажриба станциясида 434 гектар боғлар мавжуд бўлиб, шундан 13 гектари тажриба майдони, 17 гектарида эса қулупнай етиштирилади. Халқаро ҳамкорлик доирасида бир гектар ерда кунчиқар юртнинг дунёга машҳур “Фудзи” навли олмаси парваришланаётган япон боғи ташкил этилган. Замонавий илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда барпо этилган 23 гектар ердаги интенсив боғлардан экспортбоп мевалар етиштириш режалаштирилган.

Янги технологиялар ва инновацион ғояларни амалиётга жорий этишга кўмаклашиш мақсадида илмий-тажриба станциясида “Боғбонлар мактаби” фаолият кўрсатмоқда. Яқинда иккита илмий-амалий лойиҳа якунига етган бўлса, жорий йил учун илмий-тажриба станциясининг олти нафар илмий ходими томонидан ишлаб чиқилган битта лойиҳага маблағ ажратилди. “Фарғонанинг тош-шағалли ерларида мева навларини синаш” мавзусидаги лойиҳа раҳбари, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Шавкатжон Эшпўлатовнинг эътирофига кўра, илмий иш доирасида ўнлаб турдаги мевали дарахтларни шундай усулда парваришлаш бўйича тажрибалар олиб борилади. Илмий ишлардан кутилган самарага эришиш учун илмий-тажриба станцияси лаборатория жиҳозлари янгиланмоқда. 2016 йили Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаб келган Рустам Абдулхаев устозлари кўмагида “Фарғона иқлим шароитида олма етиштириш” мавзусидаги илмий ишни бошлади. Демак, ушбу маскандаги боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган эзгу ташаббуслар ҳамиша бардавом бўлади.

Шу кунларда илмий-тажриба станциясида баҳорги юмушлар фаол ташкил этилиб, кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўз навбатида ташриф буюрувчилар учун шартнома асосида мевали дарахтлар кўчатлари етказиб берилаётир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
7 319